Икки мактабга икки буюк ижодкор номи берилди
Президентимизнинг шу йил 7 апрелдаги “Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2021-2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш йўл харитаси”да миллий кинематография санъатининг ривожланишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган кино арбоблар хотирасини абадийлаштириш, жумладан умумтаълим мактабларига соҳанинг таниқли намояндалари номларини бериш белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳридаги 20-умумий ўрта таълим мактабига таниқли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Дамир Салимов, Каттақўрғон шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабига эса Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев номи берилди.
Биринчи ўзбек мультфильмлари муаллифи ва режиссёри, ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратган Дамир Салимов 1937 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган.
1945 йилда Каттақўрғон шаҳрида таваллуд топган Баҳодир Йўлдошев ҳам ўзбек миллий театр ва кино санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган ижодкор, оммавий байрам томошаларининг маҳоратли режиссёри сифатида халқимиз қалбидан чуқур жой олган инсон эди.