Рақамли ахборот маконида қонунийлик ва хавфсизлик муҳим

Самарқандда “Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари" мавзусида ҳудудлараро семинар ўтказилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Самарқанд вилоятидаги оммавий ахборот воситалари, нашриёт ва матбаа корхоналари ходимлари, ахборот хизматлари масъуллари бевосита, Навоий ва Жиззах вилоятлари вакиллари эса видеоконференцалоқа шаклида иштирок этди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи маслаҳатчиси А.Хўжаев, инспекция бўлим бошлиқлари ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва оммавий ахборот воситалари масъуллари рақамли ахборот маконида қонунийлик ва хавфсизликни таъминлашда профилактика, ҳамкорлик ва масъулиятнинг устувор йўналишлари, глобал тармоқ ва миллий назорат, болалар манфаатларини таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш механизмлари хавфсиз ахборот муҳитини яратишда ОАВ масъулияти ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, ёшга оид таснифлаш ва экспертиза масалалари, оммавий ахборот воситаларида ноқонуний контентнинг олдини олишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 11 декабрдаги қарорига мувофиқ ахборот соҳасидаги назорат ва мониторинг функциялари ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясига ўтказилгани қайд этилди. Мазкур институционал ўзгариш рақамли технологиялар соҳасида ягона назорат механизмини шакллантириш ҳамда ахборот соҳасида қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Жорий йил 24 июл куни қабул қилинган фармон эса ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг янги босқичини белгилаб берди. Фармонга мувофиқ, ахборот соҳасида давлат назоратини стратегик режалаштиришнинг янги тизими билан уйғунлаштириш, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадларга мослаштириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Мазкур ҳужжатга асосан, инспекцияга ахборот материалларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизани ташкил этиш ваколати берилди.

– Ахборот материаллари экспертизасини ташкил этишда Инспекциянинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий механизмларни амалга оширишдан иборат бўлади, – деди А.Хўжаев. – Бунда инспекция экспертиза учун материалларнинг тўлиқлиги ва экспертиза учун етарлилигини баҳолаш, экспертиза тайинлаш, эксперт фаолиятини ташкил этиш, эксперт хулосаларини расмийлаштириш, экспертлар реестрини юритиш ва экспертиза натижалари асосида профилактик ва услубий тавсиялар ишлаб чиқиш каби бир қатор функцияларни амалга оширади. Эндиликда давлат назорати анъанавий “текширув ва чора кўриш” моделидан рақамли хавф таҳлили ва профилактикага йўналтирилган, натижадорликка қаратилган моделга босқичма-босқич ўтиш концепциясига асосланади. Бундай ёндашув, бир томондан, давлат ва жамият манфаатларини, ахборот хавфсизлигини ҳамда болаларнинг ахборот муҳитидаги ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, иккинчи томондан, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари учун ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш, профилактика ва ҳамкорликка асосланган замонавий давлат назорати тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Семинарда жорий йилнинг биринчи ярмида ахборот соҳасида олиб борилган мониторингларда 1823 қонунбузилиши ҳолати аниқлангани қайд этилди. Бу қоидабузарликларнинг 475 таси “UZ” домени ҳудудидаги веб-сайтлар материалларида, 955 таси ноширлик маҳсулотларида, 393 таси газета ва журналларда учраган. Мазкур ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 85 субъектга 95 та кўрсатма ва 51 та огоҳлантириш юборилган. Ҳуқуқий ҳужжатлар асосида онлайн платформалардаги 19 та аккаунт фаолиятини чеклаш юзасидан ваколатли органларга 14 та мурожаат хатлари юборилган.
Семинар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди, ахборот соҳасидаги қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар батафсил тушунтирилди.