“Самарқанд-Қарши” йўлининг Нуробод тумани ҳудудида содир бўлган ЙТҲда вафот этганлар йўқ
Аввалроқ, “Самарқанд - Қарши” йўлининг Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ўнлаб автомобилларнинг тўқнашуви содир этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 13 январь куни соат 13:20 ларда Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 19 километрида “Қарши-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Қозоғистон Республикаси Олмаота вилоятида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи Пономарев Сергей Александрович бошқарувидаги “М-Бенц” русумли KZ 835 BRA05 давлат рақам белгили юк автомашинасини KZ 99HНА 05 давлат рақам белгили ярим тиркамасининг орқа қисмига Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Ўлмас қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган ҳайдовчи Бобомурод Эрданов бошқарувидаги “Нексия-2” русумли 70Р 486 КА давлат рақам белгили автомашина олд қисми билан урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ZarNews.uzга хабар беришича, ЙТҲ оқибатида “Нексия-2” русумли 70Р 486 КА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси Б.Эрданов ва йўловчилар - Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Ўлмас қишлоғида яшовчилар, 1956 йилда туғилган Назира Ҳасанова, 1982 йилда туғилган Қаҳрамон Боймирзаев, 2004 йилда туғилган Раъно Чориевалар тан жароҳатлари олиб, РШТЁИМ Самарқанд филиалига мурожаат қилишган.
Ҳайдовчи Б.Эрдонов “ўнг билак соҳасини синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Йўловчи Н.Ҳасанова “кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, кўплаб қовурға суякларининг синиши” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Йўловчилари Қ.Боймирзаев ва Р.Чориевалар “баданининг турли соҳалари юмшоқ тўқималари лати ейиши ва шилинмалар” ташхиси қўйилиб, уйига жавоб берилган.
2020 йил 13 январь куни мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Нуробод тумани ИИБ навбатчилик қисмининг Шакл-2 китобига 26 рақами билан қайд қилинган.
Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Нуробод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида тан жароҳати олиб вафот этган шахслар аниқланмади.
Ушбу халқаро аҳамиятга эга А-378 “Самарқанд-Ғузор” автомобиль йўлининг 0-57 километрлари Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтган бўлиб, ушбу йўлга Боғишамол йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси (директори А.Ҳасанов) томонидан хизмат кўрсатилади.
2020 йил 12 январдан 13 январга ўтар кечаси қор ёғиб, ҳаво ҳароратининг пастлиги туфайли йўлнинг қатнов қисмида музлама ҳосил бўлган. Юқоридаги корхона томонидан йўлнинг қатнов қисмида музламага қарши инерт материаллар (қум-туз аралашмаси, майда чақилган тош) сепиш учун 4 та “МАN”, 1 та “Зил” русумли юк автомобиллари, 2 та қум сепадиган ва қор курайдиган махсус техникалар ҳамда 303-сонли йўл бўлими бошлиғи Ф.Ҳакимов раҳбарлигида 18 нафар йўл ишчилари, шунингдек, ушбу йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга 8 та ЙПХ патруль автомашинаси ва 15 нафар ЙПХ инспекторлари жалб қилинган.
Йўлнинг Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи 20 километрида 2020 йил 13 январь куни соат 11.00 лар атрофида ЙТҲ содир этилган вақтда йўлнинг қатнов қисмига қум туз арашмаси сепилган, музлама эриган, қалин туман тушганлиги сабабли кўриниш масофаси 5-10 метрни ташкил этган.
Самарқанд вилояти ҳудудида об-ҳаво шароитининг кескин ўзгариши, қор ёғиши, қалин туман тушиши ва автомобиль йўлларида музламалар ҳосил бўлиши, автомобиль йўлларида ҳаракат қатнашчилари учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқариши, йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилардан транспорт воситасини бошқариш пайтида, айниқса, довон йўлларида ҳаракатланишда мураккаб об-ҳаво шароитини ҳисобга олишларини, техник носоз транспорт воситаларидан фойдаланмасликларини, зарурат бўлмаганда, тунгги вақтларда ҳаракатланмасликни, пиёдалардан йўлни кесиб ўтишда ўта ҳушёр бўлишларини, катталардан йўлларда болаларнинг ҳаракатини назоратга олишларини сўрайди.
Ҳурматли фуқаролар!
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар қандай асоссиз хабар ва маълумотларга ишонмаслигингизни сўраймиз.