Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида 7 километрдан зиёд янги ичимлик суви ва оқава тармоқлари тортилмоқда

Самарқанд шаҳри аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш  ва сифатли  канализация тармоқларидан фойдаланиши учун республика бюджети маблағлари ҳисобидан янги лойиҳалар асосида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Лоҳутий кўчасидан Рудакий кўчаси бўйлаб шаҳар оқава сувларини кўтариб бериш насос станциясигача, 0,8 километр оқава сув тармоғини, Бўстонсарой ва Амир Темур кўчалари кесишмасидан “Самарқанд халқаро аэропорти”гача 6,6 километр ичимлик суви тармоғини тортиш, Гагарин ва Рудакий кўчаларидан Чуқур-йўл кўчасигача оқава сув тармоғини кўчириш юзасидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Бу эзгу ишлар 2019 йилда бошланган бўлиб, 2020 йилнинг якунига қадар ниҳоясига етиши режалаштирилган. Бугунги кунда шаҳарнинг ҳар бир ҳудудида ичимлик ва оқава сув тармоқлари янгидан тортилаяпти, мавжудлари янгиланмоқда. Натижада аҳолининг ичимлик суви, канализация тармоғига бўлган талабларининг катта қисми қондирилади. Тармоқларда келиб чиққан носозликлар батараф этилиб, аҳоли тоза ичимлик суви ва канализация хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлмоқда.

Комилбек ЮСУПОВ,

“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ корхонаси директори.