Сувнинг қадрига қачон етамиз?
Zarnews.uz сайтида шу йил 15 июнда берилган "Сувнинг нархини биласизми? Қадрини-чи?" мақоласини ўқиб, айрим фикрларимни айтишни лозим кўрдим.
"Араб давлатларида бўлдим. Саёҳатим давомида шу нарсага амин бўлдимки, биз ердаги жаннатда яшар эканмиз. У ерлар саҳро, бирор бурчакда яшилликни кўрсангиз, кўзингиз қувнайди. Ичимлик суви эса маҳаллий аҳоли наздида энг катта бойлик, том маънода оби ҳаёт. Биз-чи? Унинг қадрини унутгандекмиз".
Бу яқинда Умра сафарида бўлиб қайтган Ҳақназар отанинг сўзлари. Умуман, муқаддас зиёратда бўлган ким билан суҳбатлашмайлик, улар ҳикоясини шундай фикрлар билан бошламоқда. Халқимиз эмин-эркин фойдаланаётган, кўп ҳолларда исроф қилаётган ичимлик суви кимлар учундир бебаҳо неъмат эканлиги ҳақиқат. Лекин бир кун келиб, бизнинг бошимизга ҳам шундай кунлар тушиши мумкинлигини биламизми?
Маълумотларга кўра, агар сувни тежамай ишлатишда давом этсак, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон ҳам дунёдаги сув тақчил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида 2050 йилда Сирдарёда сув ҳажми 5 фоиз, Амударёда эса 15 фоизгача камайиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар бор. Бошқа томондан эса сув ҳажми камайиб боришига номутаносиб равишда аҳоли сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Булардан хулоса қилиш мумкинки, сув танқислиги муаммоси билан юзма-юз келишимизга кўп вақт қолмаган ва айрим ҳудудларда ер ости сувларининг муттасил чекиниб бораётганлиги бунинг исботи.
Хўш, нима қилиш мумкин?
Бугун ҳар биримиз ўзимизга беришимиз керак бўлган асосий савол шу. Саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сув сарфини таҳлил қилиш учун мутахассис керакдир, аммо биз ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз мумкин. Очиқ қолдириладиган жўмраклар, керагидан ортиқ ёки мақсадсиз сарфланадиган сув, булар биз учун ҳеч нимани англатмайди. Бироқ 37 миллион одам шундай йўл тутса, нима бўлади? Аксинча, шунча одам бир литрдан сувни тежаса-чи?
Японияда ёшларга ювиниш учун битта кичик идишда сув берилар экан. Бу орқали улар ёшларга ичимлик сувини исроф қилмасликни ўргатади. Биз эса ҳалигача катталарнинг ўзига тиш юваётганда ёки соқол олаётганда сувни оқизиб қўймасликни ўргата олмаяпмиз. Уйида ичимлик сувини очиб қўйиб, машина ювадиган одам бир мартада 350-400 литр сув сарфлаши мумкин экан. Ҳолбуки, шу ишни 35 литр сув билан ҳам бажарса бўлади.
Кейинги вақтда аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланиш маданиятини ошириш учун нарх тарифларини ошириш таклифи ҳам айтилмоқда. Назаримизда, бу тартиб кам даромадли фуқаролар елкасига қўшимча юк бўлади, холос. Уларнинг асосий қисми, шусиз ҳам ичимлик суви соатбай бериладиган ёки қудуқлардан олинадиган ҳудудларда истиқомат қилади. Шундай экан, муаммони бошқача, тушунтириш, тарғибот ва намуна кўрсатиш йўли билан бартараф қилиш мақсадга мувофиқ. Мисол учун, болаларга боғчада сувни исроф қилмаслик амалий машғулотлар тарзида ўргатилиши, шу мавзуга бағишланган мультфильм ва театр томошалари қўйилиши мумкин. Катталарга келсак, бу борада ижтимоий роликлар ва жамоат эътиборида бўлган машҳур шахслар ва мансабдорлар шахсий намуна кўрсатадиган контентлар кўпайтирилса, таъсири яхшироқ бўлар эди.
Тўғри, бу билан муаммо тез ҳал қилинмас, лекин ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳар ишда, ҳар бир соҳада сувни тежашга ўргансак, танқисликнинг олдини олиш мумкин. Доноларимиз «Тома-тома кўл бўлур», деб бежиз айтишмаган-ку.
Ҳикматилло Тоҳиров.