Ургутда ичимлик сув ва оқова хизматидаги муаммолар: Улар қачон, қандай ҳал этилади?
Ушбу саволга қисман бўлса-да жавоб топиш мақсадида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ журналист ва блогерлар учун туманнинг айрим ҳудудларида пресс-тур ўтказди.
Иштирокчилар дастлаб Ургут тумани ҳудудида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги уй-жойларнинг ичимлик сув таъминоти ва оқова хизмати бўйича амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди.
Дастлаб журналист ва блогерлар туманнинг Баҳрин маҳалласида 50 миллард сўм сарфлаб бунёд этилаётган оқова сув тозалаш иншоотида бўлишди. “Ишонч инжиниринг” МЧЖ қурувчилари томонидан барпо этилаётган иншоотнинг қурилиши 2023 йилда бошланган бўлиб, ҳозирда бетон қуйиш ишлари якунига етказилмоқда.
- Ҳудуди 3,4 гектар майдон бўлган иншоотимиз бир вақтнинг ўзида 10 минг куб оқова сувни қабул қилиб, қайта ишлашга мўлжалланган, - дейди корхона иш бошқарувчиси Абдуҳалим Очилов. – Замонавий қурилмалар ўрнатилган иншоот оқова сувни 4 босқичда тозалаб беради. Ишланмалар қишлоқ хўжалиги далаларига ўғитлаш ва суғориш учун жўнатилади. Шунингдек, биобактерияларни ўстириш учун янги лаборатория биноси ҳам қурилди.
Мазкур иншоот ишга туширилса, “Янги Ўзбекистон” массивидан ташқари, "Ургут" эркин иқтисодий зонадаги корхоналар, туман маркази аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Мерганча маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг ичимлик сув билан таъминловчи янги сув иншоотиишлаш жараёни билан ҳам танишдилар. “Шоҳрўз Демирбек” МЧЖ томонидан қурилган мазкур иншоот соатига 3 минг/куб сувни олиб, мактаб, боғча ва аҳоли хонадонларига етказиб беради.
Иншоотда Германияда ишлаб чиқарилган 2 та 25 кВТ, 2 та 76 кВТ қувватдаги кучли ускуналар ўрнатилган. Улар ёрдамида ҳар бири 250 метрдан иборат бўлган 5 та қудуқдан сув тортиб олинади.
- Кўп хонадонларнинг эгалари ҳали кўчиб келмаганлиги сабабли барчасини марказий тармоққа улаганимиз йўқ, - дейди “Шоҳрўз Демирбек” МЧЖ иш бошқарувчиси Жамшид Бобонов. – Жорий йилда яна 9 та кўп қаватли уй қурилиши якунланиб, ўз эгаларига топширилгач, марказлашган тармоқ янада кенгайиб, ускуналаримиз тўлиқ ишга туширилади. Ҳозирча бирорта муаммо чиққани йўқ.
Янги массивда 2 мингга яқин хонадон жойлашган бўлиб, уларнинг барчаси ичимлик сув ва оқова хизматига уланган.
- Тумандаги мавжуд 534 минг аҳолининг 400 минги марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган, - дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ туман филиали бошлиғи Ойбек Тўхтаев. - Қолганлари қудуқ, булоқ, сой ва ташиб келтирилган сувдан истеъмол қилиб келади. Оқова сув хизматидан 11,1 фоиз, яъни 15 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида фойдаланилади. Ичимлик суви тармоғининг 84 километри, 88 та сув иншоотлари, 90 та сув қудуқлари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 102 та маҳалланинг 22 таси марказлашган, 77 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган. Чекка ва тоғ ҳудудларда жойлашган 10 та маҳалла аҳли муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланади.
Агар йил якунигача мазкур янги иншоотлар ишга тушса, туман бўйича ўн минглаб аҳоли илк бора тоза ичимлик сув ва оқова сув хизмати билан таъминланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.