Самарқандда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар камайдими?

Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Самарқанд вилоят минтақавий комиссияси йиғилишида ана шу саволга жавоб изланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси раиси ўринбосари - наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази директори Олим Нарзуллаев иштирок этди.

Таъкидлаш лозимки, вилоятда 2019 йилнинг олти ойида 149 та гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар аниқланган, 2018 йилнинг мос даврида эса 213 та ҳолат қайд этилган. Жорий йилнинг 6 ойида эса гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар аввалги йиллардагидан кўра камайган.

Аммо гиёҳвандликка қарши курашишда сусткашликка асло йўл қўйиб бўлмайди. Шу боис наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи «ташкилотчи», «минтақалараро алоқаларга эга бўлган наркокурьер» ва «тарқатувчи»ларнинг жиноий фаолиятини фош этиш мақсадида қўшни вилоятлараро тезкор маълумотлар алмашуви йўлга қўйилган ва ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Наркотрафикнинг йўлини тўсиш мақсадида вилоятнинг Ургут, Булунғур туманлари - Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларида катта микдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланувчи гуруҳларни аниқлаш борасида тезкор-қидирув тадбирлари мунтазам равишда амалга оширилиб келинмоқда.

Қўшни давлатлардан кириб келаётган ва транзит қилинаётган наркотик моддаларнинг оқимини тўсиш мақсадида блок-постлар ва мунтазам ЙПХ масканларига бириктирилган мутасадди раҳбарлар ва ходимларнинг масъулияти ошириб, наркотик моддаларни қидириб топишга ўргатилган хизмат итлари, махсус техник воситалари («Mini Z», эндоскоп, бастер ва экспресс-анализаторлар)дан унумли фойдаланиб келинмоқда.

Вилоят ҳудудида мунтазам равишда наркотик воситаларни ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиб, транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида махсус гуруҳлар тузилиб, рейдлар ўтказилмоқда.