Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда темир йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш бўйича 1603 та ҳолат қайд этилган

Мамлакатимиз, хусусан, Самарқанд вилоятида транспорт-коммуникация тизими жадал ривожланиши билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, жумладан, темир йўлларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида транспортда ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишлаш билан биргаликда темир йўллар, уларнинг автомобиль йўллари билан кесишмасидаги техник жиҳозлар созлиги, аҳоли манзиллари оралаб ўтган йўллар ҳолати доимий назоратга олинган. Бу борада жамоатчилик ўртасида тушунтириш-тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмокда.

Хусусан, ҳар пайшанба «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни», чоршанбада эса «Темир йўлларда хавфсиз кун» тадбирлари ҳамда темир йўл атрофида жойлашган маҳаллаларда «Хонадон» тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламдаги профилактик тадбирларга қарамасдан, баъзи фуқаролар қонун талабларига эътиборсизлик билан муносабатда бўлмоқда.

Масалан, 2019 йилда 1603 та темир йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 113-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган мазкур шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, 28 та ҳолатда поездга осилиш билан боғлиқ баённомалар расмийлаштирилган. Спиртли ичимлик истеъмол қилиш жамоат жойларида таъқиқланган бўлса-да, ўтган йили айнан шундай ҳолатлар туфайли 27 кишига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддаси билан баённомалар тузилган.

Айтиш мумкинки, бундай ҳолатлар темир йўл тизимида ҳаракат хавфсизлиги талабларининг таъминланишига, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солмоқда.

Шунинг учун ходимларимиз томонидан 4,5 мингдан зиёд темир йўл хавфсизлигига риоя қилиш бўйича эслатмалар тарқатилди. Бундан ташқари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларида 600 дан зиёд профилактик учрашувлар ўтказилган.

Буларнинг барчаси турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ташкил қилинган. Шунга қарамасдан, айрим муаммо ва камчиликлар кузатилганлиги учун ҳокимият, маҳалла, корхона ва ташкилотларга 23 та тақдимномалар киритилган. Темир йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган болаларнинг ота-оналари ҳам огоҳлантирилмокда. Токи, берилган умрдан оқилона фойдаланиш зарурлигини, унинг ҳар онини қадрлаб яшаш кераклигини ҳар биримиз унутмаслигимиз керак.

Аҳоли ўртасида транспортда ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишлаш билан биргаликда темир йўллар, уларнинг автомобиль йўллари билан кесишмасидаги техник жиҳозлар созлиги, аҳоли манзиллари оралаб ўтган йўллар ҳолати доимий назоратга олинган.

Низомжон МАМАТОВ,

Самарқанд вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ХПБ катта инспектори.