Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шавкат Мирзиёев: Энг катта хавф – лоқайдлик ва бепарволик

Президент раислигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда аксарият одамлар, авваламбор, раҳбарлар, давлат ходимларининг билимсизлиги, замондан орқадалиги энг катта ички хавф экани қайд этилди. Жадид боболаримиз буни “жаҳолат” деб атаб, унга қарши курашганлар.

– Иқтисодий камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар олиб бораяпмиз. Лекин маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутуламиз? Ислоҳотлар учун маблағ ва инвестицияларни топяпмиз, лекин маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топамиз? Бу саволлар ҳар биримизни ўйлантириши зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун болаларимизни ота-она, боғча, мактаб ёки институт эмас, аксарият ҳолларда қўлидаги телефон “тарбиялаётгани” куюнчаклик билан қайд этилди. 

– Мобиль телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда. Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келаяпти. Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур. Биз – ғурури баланд халқмиз. Мана шу бойлигимизни йўқотиб қўймаслигимиз керак,– деди Президент. 

Четда нима ялтироқ бўлиб кўринса, ўшанинг орқасидан чопиш, хорижники экан, деб унга қуллуқ қилиш, айниқса, маънавият соҳасида ярашмаслиги айтилди. 

Афсуски, кейинги пайтда бу борада четнинг таъсири, таъбир жоиз бўлса, “импорт”нинг ҳажми ошиб кетмоқда. Маънавий иммунитети заиф бўлган баъзи ёшлар юриш-туришда ҳам, муомала-муносабатда ҳам бошқаларга кўр-кўрона эргашмоқда. 

– Илгари “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақолга амал қилиб яшардик. Ўғил-қизларимизнинг ахлоқ-одоби, ўқиши учун нафақат уларнинг ота-оналари, аввало, маҳалладаги нуронийлар, кайвони кексалар, зиёлилар ўзини масъул ва жавобгар деб биларди. Шунинг учун ҳам маҳаллаларимизда уруш-жанжал, безорилик, ичкиликбозлик қилиб юрадиган ёшлар, оилавий ажримлар кам бўларди. Кекса авлод вакиллари ёшларни меҳнатга, ўз уйини, кўчалар, гузар ва майдонларни озода тутишга ўргатарди. Энди айрим одамлар ҳовлисини боласига эмас, мардикорга тозалатади. Кўп қаватли уйларда қўшни қўшнисини танимайди. Бу ҳолда болалар меҳнатни, одобни, маданиятни, меҳр-оқибатни кимдан ўрганади, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда маънавиятимиз учун энг катта хавф – бу аксарият одамларимизда лоқайдлик ва бепарволик кучайиб бораётганида экани таъкидланди.

Сиёсатшунослар ўртасида: “Сен ухлаганингда, душман уйғоқ бўлади”, деган гап бор. Айниқса, ҳозирги замонда маънавий нуқтаи назардан “ухлаб ётиш”га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, Ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланиши қайд этилди.