Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сўнгги 5 йилликдаги муҳим илмий кашфиётлар

Илм-фан бир жойда туриб қолмайди, у тинмай ривожланади. Сўнгги беш йилда тадқиқотчи олимлар илм-фанда кўплаб янгиликлар яратди. Мазкур кашфиётларнинг айримлари эътиборингизга ҳавола этамиз.

3D принтерида юрак

Важные научные открытия за последние 5 лет

Жорий йилда 3D принтерлари яна бир бор одамларни лол қолдирди. Яъни, мутахассислар улар ёрдамида инсон юрагини яратишнинг уддасидан чиқишди.

Бунинг учун тадқиқотчи олимлар инсон танасидан ёғ хужайраларини олди ва улардан илдизли хужайра яратди. Сўнг ҳосил бўлган илдизли хужайра боғловчи модда билан аралаштирилди. Мазкур аралашмадан оддий принтерга қуйиладиган, бўёққа ўхшаш принтер хомашё вужудга келди.

Юракнинг биринчи намунасини босиб чиқаришга 3,5 соат вақт сарфланди. Барча қон томирлари билан тўлиқ фаолият кўрсатадиган ҳақиқий одам юрагини яратиш учун кўпроқ хужайра ва “бўёқ” керак бўлади. 3D принтеридан чиқарилган юрак биринчи синов намунаси бўлса-да, яқин келажакда мазкур технология кўплаб тиббий муассасаларда кенг қўлланилиши тахмин қилинмоқда. 

Қора туйнук сурати

2019 йилда кашф этилган яна бир тарихий ҳодиса: мутахассислар илк марта фазовий қаро туйнукнинг суратини олишди. Суратга олинган бу туйнук Ердан 53 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Олимлар дунёдаги энг кучли 8 та телескопни бирлаштириб, бунинг уддасидан чиқишди.

Мутахассислар илк суратни 2017 йилда олишган эди. Бироқ олинган суратга ишлов беришга мутахассисларга икки йил вақт керак бўлди. Натижада биз қора туйнук батафсил акс эттирилган суратни қўлга киритдик. Ушбу муваффақият олимларга қора туйнукларни янада батафсил ўрганиш имкониятини беради.

Инсон аъзоларини сунъий етиштириш

Инсон аъзосини трансплантация (кўчириш) қилиш муаммоси ҳозирги кунгача қийин кечмоқда. Кўплаб инсонлар хаста аъзоларини бошқасига алмаштириш учун донор тополмасдан ҳалок бўлишмоқда. Бироқ Гарвард университети олимлари муаммонинг ечимини топганга ўхшайди. Улар инсон аъзоларини сунъий етиштириш усулини ўрганишди.

Ҳозирча фақат жониворлардан (масалан, чўчқа) зарур хужайраларни ажратиб олиб, уни устиришмоқда. Шунингдек, улар жонивор аъзосини, фақат тери қисми қолгунча ювиш жараёнидан ўтказиб, унга инсон хужайрасининг илдизини экишни ўрганишди. Натижада инсон хужайраси жонивор хужайраси билан ўзаро алоқага киришиб, янги аъзо ҳосил қилди. Ва, у охиригача шаклланиб бўлганидан сўнг одамга ўрнатилиши мумкин бўлади. Уларнинг (одам ва жонивор хужайралари) ДНКси турли бўлишига қарамасдан, етиштирилган аъзо инсон организмига тез мослаша олади.

Эбола вирусига қарши вакцина

Эбола вируси тутқаноғи минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди. Етук мутахассислар буни шундай қолдиролмасди. Вакцина сув чечак вакцинаси намунаси асосида яратилди. Унинг асосий вазифаси – бу соғлом одам организми атрофида ҳимоя қобиғини ҳосил қилишдан иборат.

Дастлабки вакциналар 2015 йилда Гвинеяда қўлланилди. Қўрқинчли вирус билан касалланган одамлар билан алоқада бўлган 4 мингдан ортиқ инсон кўнгиллилар сифатида шифокорларга мурожаат қилишди. Вакцина эмлангандан кейинги дастлабки кўрсаткичлар шифокорларни хурсанд қилди. Яъни, эмланган одамларнинг ҳеч бири касалланмади. Эмлаш жараёнидан 3 ой ўтиб, олимлар улар томонидан яратилган воситанинг самараси 100 фоизлик эканлигини исботлашди.

Эмбрион (она қорни даврида) даврида ДНКни ўзгартириш

2018 йилда олимлар ақлбовар қилмас муваффақиятга эришди. пенсильваниялик бир гуруҳ биологлар эмбрионнинг ДНК тизимининг бир қисмини ўзгартиришди. Мазкур тадқиқот ҳозирча фақат сичқонларда синалди. Аммо ўтказилган тадқиқотнинг натижаси тез орада инсонларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, айни вақтда улар мазкур технологияни ҳомиладор аёлга хавф-хатарсиз қўллаш устида бош қотиришмоқда.

Барчаси кўнгилдагидек ўтса, унда ҳомиладорлик даврида аниқланган ирсий хасталикларни она қорнидаёқ бартараф этишнинг имкони топилади. Бундан ташқари, мазкур технология ҳомилани йўқотиш сонини камайтиришга ҳам ёрдам беради.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.