Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таниқли ҳуқуқшунос, қалами ўткир ижодкор Ўткир Жўраев вафот этди

Ички ишлар фахрийси, истеъфодаги полковник, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўткир Жўраевнинг вафот этганлиги ҳақидаги хунук хабар барчамизни қайғуга солди. Камтарин инсон, ёш ички ишлар ходимлари ва ижодкорларнинг устози Ўткир Жўраев 67 ёшда эди.

Ў.Жўраев 1952 йилда Самарқанд вилояти Ургут тумани Почвон қишлоғида таваллуд топди.

1980 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаганди. Узоқ йиллар ички ишлар идораларида фидокорона хизмат қилиб, ички ишлар полковниги даражасига етганди.

Ўткир ака кўп йиллик фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлади.

Ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» жамоат фондининг директори лавозимида фаолият кўрсатган йилларида юртимизда юзлаб ижод аҳли учун зарур шароитлар яратилди, уларнинг китоблари чоп этилди. Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги Фахрийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида баракали меҳнат қилди.

Сайтимиз жамоаси замондош ва ҳамфикр дўстлари, ҳамкасблари ҳамда шогирдлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади.