Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туман ҳокими фуқароларни ҳақорат қилгани учун жарима тўлайди

Мингбулоқ тумани ҳокими маъмурий жавобгарликка тортилди. Энди у  4 миллион 460 минг сўм миқдорда жарима тўлайди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 2019 йилнинг 27 декабрь куни ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган, “Мингбулоқ тумани ҳокими фермерларни сўкиб ташлади” мавзусидаги аудиоёзувлар юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Маълум бўлишича, 2019 йил 9 декабрь куни соат 10.00 да Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев раҳбарлигида “Гигант”, “Гулистон”, “Гулбоғ-1” ММТП ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилган.

Техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан ўтказилган йиғилиш давомида туман ҳокими “Гулистон дача” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларига қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл қўйиб келаётганликлари хусусида танбеҳ берган.

Шунингдек, ҳокимнинг уларни ҳақорат қилгани, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.

Наманган вилояти прокуратураси томонидан Н.Худойбердиевга нисбатан МЖТКнинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мингбулоқ тумани маъмурий судининг қарорига кўра, Н.Худойбердиевга 4 миллион 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.