Китобхонлик тарғиботида библиографиянинг ҳам ўрни бор

Библиография - бу китоблар, мақолалар, диссертациялар, электрон ресурслар ва бошқа ахборот манбалари ҳақида тизимлаштирилган маълумотларни жамлаш, тавсифлаш ва фойдаланувчига етказиш билан шуғулланувчи фан ҳамда амалий фаолият. У илмий тадқиқотларни пухта ташкил этиш ва ишончли манбаларга таянган ҳолда олиб боришга хизмат қилади.

Ҳар қандай илмий иш мавжуд илмий меросни ўрганишдан бошланади. Тадқиқотчи мавзуга оид илгари яратилган илмий адабиётларни ўрганиб, муаммонинг қай даражада тадқиқ этилганини аниқлайди. Библиография ана шу жараёнда ишончли йўл кўрсатувчи вазифасини бажаради.

Ахборот-кутубхона муассасалари бугун нафақат китоб сақловчи маскан, балки замонавий ахборот марказига айланди. Электрон каталоглар, рақамли кутубхоналар ва илмий маълумотлар базалари библиографик хизмат имкониятларини янада кенгайтирди. Кутубхоначилар фойдаланувчиларга мавзу бўйича адабиётлар танлаш, библиографик рўйхатлар тузиш, электрон ресурслардан фойдаланиш ва илмий ахборотни излаш бўйича амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Библиографик тадқиқотчи фойдаланган манбаларни тўғри расмийлаштириши, муаллифлик ҳуқуқига ҳурмат билан ёндашиши ва плагиатга йўл қўймаслиги лозим. Чунки тўғри тузилган библиография илмий ишнинг ишончлилигини оширади, унинг илмий қийматини белгилайди. Шу боис ҳам библиография илмий изланишларнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади.

Китобхонларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва қондириш, мавзули, тавсиявий ва шахсий библиографик рўйхатлар тузиш, янги нашрлар ҳақида ахборот бериш, электрон каталог ва маълумотлар базалари билан ишлаш, китоб кўргазмалари, библиографик шарҳлар ва ахборот кунларини ташкил этиш масалалари библиографик фаолиятнинг муҳим вазифаси саналади.

Бугунги замонавий кутубхоналарда босма адабиётлар билан бир қаторда, электрон китоблар, рақамли маълумотлар базалари ва интернет хизматлари ҳам китобхонлар ихтиёрига тақдим этилмоқда. Ёш авлодни китобхонликка жалб этиш мақсадида кутубхоналарда китоб тақдимотлари, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари, викториналар, кўргазмалар ва турли маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, кутубхона – билим, маърифат ва тафаккур маскани. Китобни севган, кутубхонага доимий ташриф буюрган инсоннинг дунёқараши кенг, маънавияти юксак бўлади. Ҳар биримиз кутубхонадан самарали фойдаланиб, китоб мутолаасини ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз зарур.

Шоира ЧЎЛИЕВА,
Каттақўрғон тумани ахборот-кутубхона марказининг ахборот-библиография хизмати раҳбари.