Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй-жой қуриш учун ер олсам бўладими?

Уй-жойга эҳтиёжманд фуқароларга ер бериладими. Бунинг тартиблари қандай,  қайси ҳудуддан ва неча сотих олиш мумкин?

С.ОЛИМОВ,

Паст Дарғом тумани. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги қарорида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тартиби белгиланган.

Яъни «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончаси орқали ҳудудларда аукционга қўйилган ер участкалари билан танишиб бориш мумкин. Ўтказилган электрон аукцион савдоларига кўра, жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукцион орқали якка тартибда уй-жой қуриш учун битта ер участкасини йилда бир маротаба сотиб олиши мумкин. Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг батафсил режаси лойиҳаси) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида берилади (аукционга қўйилади). Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига ва давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга 0,04 гектаргача уларнинг аризалари асосида аукционсиз берилади.

Ер участкасини бериш бўйича имтиёзлар бир оилага бир марта (мулкдорнинг номига) берилади ва оиланинг бошқа аъзоларига татбиқ этилмайди. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини олишга ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади.

Аризада буюртмачиларнинг доимий яшаш жойи бўйича уй-жой кадастр ҳужжати нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда), юқорида кўрсатиб ўтилган фуқаролар тоифаларининг бирортасига мансублигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Саволга вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси матбуот котиби Азамат НИШАНОВ жавоб берди.