“ХАЛИМБОЙ” ким эканлиги маълум бўлди

Жорий йил 28 август куни интернет тармоқларида ойналари қорайтирилган “Спарк” русумли, давлат рақам белгиси ўрнига “ХАЛИМБОЙ” деган ёзув ўрнатилган автомашина ва йўлнинг қатнов қисмини тўсиб, бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит берган ҳолда шов-шув кўтариб, двигателга зўриқиш бериб йўналишини кескин ўзгартириб ҳаракатланиши акс этган видеолавҳа тарқалди.

Суриштирув жараёнида 2019 йил 16 август куни соат 13:30 ларда ҳайдовчи Ғ.Г. Самарқанд тумани Рустам қишлоғи ҳудудида тўй маросимида “Спарк” русумли автомашина давлат рақамини ўзбошимчалик билан ечиб, ўрнига картон қоғоздан “ХАЛИМБОЙ” деб ёзилган ёзувни ўрнатгани маълум бўлди.

  Шунингдек, қоидабузарлар автомашиналар билан гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўлнинг қатнов қисмини тўсиб, бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит берган. Авария ҳолати содир этган ҳолда бошқа ҳаракат иштирокчилари эътиборини ўзига қаратиб, жамоат тартибини бузган.

Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик сақлаш жарима майдончасига қўйилди. Ғ.Г. ва бошқа иштирокчиларга тушунтириш ишлари олиб борилди.

     Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати.