Йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилади
Кейинги йилларда мамлакатимизда одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ошиб бормоқда. Жумладан, республика ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, 2019 йилда 9864 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, улардан 1642 таси бевосита одам ўлимига сабаб бўлган. 2020 йилда эса 10130 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улар оқибатида 1867 нафар киши ҳалок бўлган.
Ўтган 2021 йил давомида мамлакатимиз йўлларида 10001 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 9230 нафар фуқаро турли даражада жароҳатланган ва 2436 нафар киши вафот этган.
Бу каби оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларига сабабчи бўлган айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддага кўра, автомашинани бошқараётган шахснинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида бошқа шахс ўртача оғир ёки оғир даражадаги тан жароҳати олишига сабаб бўлса, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо тайинланиши мумкин. Шундай қоидабузарлик одам ўлимига сабаб бўлса, автомашина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо, агарда одамлар ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, автомашина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.
Бу соҳадаги миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш имконини берувчи янги қўшимчалар киритиш бўйича ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йилнинг 13 апрелида Вазирлар Маҳкамасининг 172-сонли қарори билан амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, мазкур қарорга мувофиқ, аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракати тезлигини соатига 70 км/с дан, мактаб ва боғчалар атрофидаги йўлларда эса 300 метргача масофада 30 км/с дан, тураржой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 км/с дан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилди. Шунингдек, ҳаракат давомидаги хавфсизлик таъминланиши учун ҳайдовчининг ёнидаги олд ўриндиқда кетаётган йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши шартлиги белгиланди. Шу билан бирга, бир нечта йўл белгиларининг янгиланган кўринишдаги намуналари ҳам қабул қилинди. Мазкур “Йўл ҳаракати қоидалари”га киритилган ўзгартиришлар 2022 йилнинг 1 майидан амалга татбиқ этилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад - йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашдан иборат.
Жамшид Садиков,
ИИВ Академияси тергов фаолияти мутахассислиги курсанти.