@zarafshonbot га мурожаат: Нафақамизни ундириб бериш кимнинг ваколатига киради?

Туман "Қишлоқхўжаликхимия" (ҳозирги "Агроҳимоя") корхонасида ишлаб, биз - Ж.Тўраев 22 йил, Б.Шукуров 8 йил "ОВХ" трактори ҳайдаганмиз, С.Тўхтаниёзов 31 йил хўжаликда агрономлик қилганмиз. Касб касаллигига учраб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолганимиз боис “Агроҳимоя” АЖ Иштихон тумани филиалидан меҳнатда соғлиғига етказилган зарар пули олардик.

Лекин 2020 йил апрель ойидан буён корхона раҳбарлари турли сабабларни рўкач қилиб, бу пулларни бермай келяпти. 2021 йил 1 апрель куни Бош прокуратуранинг сайёр қабулида республика Бош прокурори ўринбосари Э.Юлдашевга ушбу масала бўйича мурожаат қилдик.

Бизнинг мурожаатимиз Иштихон тумани прокурорига топширилиб, бир ҳафта ичида нафақамизни ундириб бериш юклатилди. Аммо туман прокурори “Бунга менинг ваколатим йўқ” деган жавобни берди.
Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига мурожаат қилдик. Суднинг 2021 йил 6 апрелдаги буйруғи билан аризамиз қаноатлантирилиб, меҳнатда соғлиғига етказилган зарар пулини ундириб бериш Мажбурий ижро бюросига юклатилди.

Лекин Мажбурий ижро бюроси Иштихон тумани бўлими бошлиғи Н.Ғаниев “Мен фақат солиқ ва бюджет маблағларини ундириб бераман, сизларнинг пулларингизни ундиришга ваколатим йўқ” деб жавоб берди.

2021 йил 1 июль ҳолатида биз ва яна икки нафар собиқ ишчининг нафақа пуллари 34 миллион 58 минг 745 сўмни ташкил этади. Хўш, айтинг, нафақа пулларимизни ким ундириб беради? Бу кимнинг, қайси идоранинг ваколатига киради? Салкам икки йил давомида бермагани учун ташкилот масъулларига чора кўриладими? Суд қарорини ҳеч ким бажармаса, биз кимга мурожаат қилайлик?

Толлибой Жўраев,
Самариддин Тўхтаниёзов,
Болта Шукуров,
Иштихон тумани “Кўктепа” маҳалласи.