Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасаси давомчиси

Тарихий тадқиқотлар Шарқ мамлакатларидаги дастлабки билим масканлари-зардуштийлик динининг ибодатхоналарида билимдон руҳонийлар, оқсоқоллар ёши улуғ тажриба ва билимга эга нуфузли аъзолари томонидан олиб борилган дарслар тўғрисидаги археологик маълумотлар қадимги Хоразм маданий ёдгорликларида сақланиб қолган.

Қадим Хоразм дунё маданияти илм ва фанининг тараққиётида алоҳида аҳамият касб этади. Математика, астрономия, геометрия, адабиёт, тарих каби фанларнинг ривожланишида Хоразм воҳаси мутафаккирларнинг хизмалари ниҳоятда буюкдир. Дунё табиий фанларининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган Ал-Хоразмийнинг математика фанидаги хизматлари эвазига Мовароуннаҳр ва қадимги Шарқда фанлар сифат даражасида ривожланди.

Ислом тамаддунининг ёйилиши натижасида VIII ‒ IX асрлардан бошлаб уни ўрганиш ва тарғиб этишга лойиқ кадрларни тайёрлаш эҳтиёжи ҳам майдонга келди. Шунинг натижасида исломий цивилизацияга асос солинди. Арабистондан Испаниянинг Андалусиясигача, жумладан, Ўрта Осиёда ҳам мактаб мадраса ва мадрасайи олияларнинг пайдо бўлишига катта эътибор қаратилди.

Самарқандда бундай мадраса ва мадрасайи олияларнинг майдонга келишида асосий омиллардан бири ислом цивилизациясининг етук мутахассисларга бўлган катта эҳтиёжи бўлса, иккинчиси Самарқанднинг ўша давр маданий, илмий иқтисодий ва тижоратда тутган катта мавқейида ҳам эди. Мадрасалар таълим тизими IX ‒ X асрларда Мовароуннаҳрнинг йирик маданий марказлари - Самарқанд, Бухоро, Кўҳна Урганч, Балх ва Нишопурда пайдо бўлган. X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса бўлган. Шаҳарда мадрасаларнинг сони XI ‒ XII асрларда ва XIII аср бошида орта борди ва фаолияти ҳам ривожланди.

XV асрда Мовароуннаҳр, Хуросонда ва умуман Марказий Осиёда, хусусан Самарқандда фан ва маданиятнинг янгидан туғилиши Амир Темур ва унинг набиралари Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбекнинг номи билан боғлиқ. Амир Темур ҳаётлиги даврида салтанатининг турли ерларидан Самарқандга келган Масъуд Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший ва бошқалар Самарқанд илмий мактабининг пойдеворига асос солдилар.

«Дорул ҳикмат» олимлари риёзиёт, илми ҳайъат, ҳандаса, жўғрофия, тарих, илму нужум, тиббиёт, мусиқа, мантиқ, аруз (шеърият), илми ҳисоб, теология, ҳадис, фиқҳ, адаб, илми ҳикмат, илми калом, араб тили каби фанларнинг турли соҳаларида асарлар яратган ва шу фанлар мадраси олияда ўқитилган.

Мирзо Улуғбек Самарқандда тўпланган илмий кучлар, моҳир муҳандислар маслаҳати билан мамлакатда, жумладан пойтахт Самарқандда таълим тизими ва илмий тадқиқотларнинг самарали тарзда амалга ошириш мақсадида кенг кўламли қурилиш ишларини бошлаб юборди. Шуниси борки, бу ишларни бошлашдан олдин, таълим тизими ва илмий тадқиқотлар учун мадраса ва мадраса мажмуаларининг мақсади, вазифаси, жойи, меъморлари ҳамда ҳар бир иншоотнинг ўша даврда қўлга киритилган тажрибалар ва назарий жиҳатдан асосланган бўлишига катта эътибор қаратилган Мирзо Улуғбек томонидан Самарқандда барпо қилинган иншоотлар ичида Расадхона (1424 ‒ 1429) тарихий-илмий аҳамият касб этади. Самарқанд астрономларининг маҳорати асосий асбобнинг жуда катта бўлиши ва тузилишининг мукаммаллигини таъминлади. Бу эса Қуёш, Ой ва бошқа ёритгичларни катта аниқликда кузатиш имконини берди. Квадрантнинг жанубий қисми ер остида, қолган қисми шимолий томонда ер сатҳидан 30 м. ча баланда жойлашган.

Асбоб айланасида бир градус ёй 701,85 мм. ва бир минут ёй 11,53 мм. га тўғри келади. Мирзо Улуғбек ва унинг астрономия мактаби томонидан яратилган илмий кашфиётлар Ал Хоразмийнинг математика соҳасида қўлга киритган ютуқларининг амалдаги ифодаси бўлди десак адашмаймиз.

СамДУнинг жаҳондаги нуфузли илмий ва ўқув марказлари орасида алоҳида мавқега эга бўлишида унинг бағрида шаклланган кўплаб илмий мактаблар ва муаммовий илмий тадқиқотлар лабораторияларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Булар жумласига: ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослиги, фалсафа, тарих-археология, молекуляр оптика, ядро ва космик нурлар физикаси, дифференциал тенгламалар ва математик физика, ботаника, зоология, биокимё, органик ва аналитик кимё каби қатор илмий мактабларини мисол сифатида келтириш мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида таълим тизимининг шаклланиши ва ривожланиши тарихини манбалар асосида таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги олий таълим муассаларини ташкил этилиш санаси Темурийлар даври хусусан Улуғбек мадрасаси билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг бевосита вориси Самарқанд давлат университетидир. Бошқача айтганда, Самарқанд-Улуғбек университетининг тамал тоши 1420 йили мадрасайи олиянинг очилиш маросимида қўйилган.

Гавҳар ДУРДИЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Хоразм Маъмун академияси илмий лабораторияси мудираси,
Урганч давлат университети профессори.
ЎзА.