1-октябрда мактаб ўқитувчилари қанча мукофот олади? Бу техник хизмат кўрсатувчи ходимларга ҳам бериладими?

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчилари “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни”муносабати билан 953 минг сўмдан мукофотланиши бўйича хабарлар тарқалмоқда.
Мазкур хабар қисман нотўғри. Буни тарқатаётганлар Президент фармонидаги кичик, лекин ўта муҳим жойини нотўғри талқин қилишган.
Хабарларда айтилганидек, 2025 йил 19 мартдаги ПФ–51-сон Президент Фармони билан умумтаълим муассасаларининг Директор жамғармасидан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилди. Янги ўзгаришга кўра, “1октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ходимларни мукофотлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизиГАЧА этиб белгиланди. Аввал мукофотлаш миқдори 50 фоизни ташкил этган эди.
Янги ўзгаришдаги -ГАЧА қўшимчаси максимал чегарани англатади, лекин бу ҳамма ходимлар 75% мукофот олади, дегани эмас. Қаердадир 75, қаердадир 60, қаердадир 50 фоиз берилиши мумкин.
Мукофот миқдори мукофотлаш даврида “Директор жамғармаси”нинг амалдаги молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, унинг жорий молия йилидаги мавжуд маблағлари доирасида белгиланади. Оддий тилда айтганда, “Директор жамғармаси”да қанча пул борлигига қараб, мукофот миқдорлари фарқ қилади, барча мактабда ўқитувчилар бир хил мукофот олмаслиги мумкин.
Мукофотнинг энг максимал миқдори МҲТЕКМ 75 фоизигача, яъни 953 минг 250 сўм бўлади, бундан кўп мукофот бериш мумкин эмас, лекин молиявий имконияти бўлмаса, бундан кам бериш мумкин.
БУ МУҲИМ: байрам муносабати билан мукофот фақат ўқитувчиларга эмас, балки барча ходимларга берилади. Яъни раҳбар ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам мукофот олади.
Албатта, устозлар қанча кўп ойлик олса, қанча кўп устама ва мукофот олса, шунча яхши. Аммо ҳуқуқий жиҳатдан амалдаги тартибни тўғри талқин қилган фойдадан холи бўлмайди.