2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида қандай янгиликлар кутилмоқда?
✔ Ушбу йилда 34 та (4 та оилавий поликлиника, 10 қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 20 та қишлоқ врачлик пункти) бирламчи тиббий муассасалар ташкил этилади. Бунинг натижасида ҳомиладорлар, бир ёшгача бўлган болалар, ногиронлар, диспансер назоратида турган беморлар, қариялар ва якка-ёлғизларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошади.
✔ Вилоят аҳолисига юқори технологик замонавий кардиологик хизматни ривожлантириш мақсадида 50 ўринли эндоваскуляр хирургия бўлими очилади.
✔ Вилоятда тиббиёт муассасаларининг дори-дармонлар, тиббий жиҳозлар ва замонавий текшириш ҳамда даволаш аппаратуралари билан етарли даражада таъминланиши натижасида турли касалликлар ва уларнинг олдини олиш бўйича ишлар самарадорлиги 2 баробарга кўпаяди.
✔ Давлат дастури асосида муассасаларнинг 3 тасида (Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг вилоят филиали қурилиши, Самарқанд шаҳар10-оилавий поликлика биносини реконструкция қилиш, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 2-кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар хирургияси клиникасини реконструкция қилиш) олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари 2020 йилда якунланади.
✔ Вилоят тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ҳодимларининг йўналиши бўйича соҳавий билимларини узлуксиз ошириб бориш мақсадида Республика ва хорижий давлатларнинг етакчи клиникаларида давлат ҳисобидан малака ошириш жараёнини ташкил этиш натижасида 200 нафардан зиёд ходимларнинг билим ва тажрибалари оширилади. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигининг ошиши натижасида беморларнинг бошқа вилоятлар ва давлатларда ихтисослашган тиббий ёрдам олишига ҳожат қолмайди.
✔ Тиббиёт ҳодимларининг ойлик маошлари улар томонидан бажарилган ишлар рейтингига асосан оширилиши ва рағбатлантиришнинг йўлга қўйилиши натижасида мазкур тиббиёт ҳодимининг ўз устида янада чуқурроқ ишлаши, илмий изланишга ва хизмат кўрсатиш доирасининг кенгайишига замин яратади. Бинобарин, тиббий хизмат сифатининг ошиши беморларни соғломлаштириш жараёни янада енгиллашишига хизмат қилади.
✔ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтган йилнинг 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлили ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминлаш ҳолати кўриб чиқилиб, бу борада шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш, давлат тиббиёт муассасалари учун дорилар хариди, уларни сақлаш ва етказиб беришнинг янги тартиби белгиланди.
Яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказлашган харидлар бўйича тендерлар ташкил этади ва харидлар шаффофлигини таъминлайди. Тендер ғолиблари дори воситаларини марказлашган харид қилиш, сақлаш ва давлат тиббиёт муассасаларига етказиб бериш хизматларини амалга оширади.
✔ Чет эллик беморларни қабул қилиш, даволаш ва уларга сифатли сервис хизматларини ташкил қилиш учун янги “GOLD”, “VIP” тур пакетлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этиш орқали тиббий туризмни ривожлантириш ва хорижий тажрибалар асосида даволаш учун келувчилар сонини ўтган йилга нисбатан 30 фоизга оширишга эришилади.
✔ Давлат-хусусий шериклик асосида муассасалар ташкил қилиниши натижасида 120 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.