Маҳаллий ҳокимият органларининг соғлиқни сақлаш бўйича ваколатлари нималардан иборат?

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги қуйидаги ваколатларга эга:

- соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

- соҳадаги қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминлайди;

- тизимнинг бошқарув органларини шакллантиришда иштирок этади;

- ўз ҳудудидаги тиббиёт муассалари фаолияти учун тегишли биноларни ажратади, таъмирлаш ишларини ташкил қилади;

- бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этади, улардан аҳоли тенг фойдалана олишини таъминлайди;

- соғлиқни сақлаш харажатларини молиявий таъминлашнинг ўз манбаларини шакллантиради;

- соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

- аҳолини дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашда иштирок этади;

- аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш ҳамда ўтказишда иштирок этади;

- фуқароларнинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлигини таъминлаш, профилактика, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширади;

- соғлиқни сақлаш тизими органлари, муассасалари ва корхоналари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда назорат қилади;

- ногиронлиги бўлган шахслар ва тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг саломатлигини тиклайдиган муассасалар ташкил этади ва улар фаолиятини таъминлайди;

- оналик ва болаликни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширади;

- соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларини ривожлантиришни рағбатлантирувчи шароитлар яратади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ яна бошқа ваколатларни амалга ошириши ҳам мумкин.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.