Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг 40 фоизи ишдан бўшатилиб, уларга шифохоналарда ишлаш таклиф қилинди
Вазирлик ахборот хизматига кўра, бугун, 14 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилиш ўта кескин руҳда кечиб, тизимда ҳар бир йўналиш бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил этилган.
“Кейинги пайтларда халқимизнинг тиббиёт соҳасидан норози эканлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига жуда кўп шикоятлар келмоқда. Чунки тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Айниқса, аксарият ҳудудларда тиббий хизмат сифати ҳануз талаб даражасида эмас.
Соҳада бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар, афсуски, сақланиб турибди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда мутасаддилар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан мулоқотларда бу ҳақда қайта-қайта тўхталиб ўтмоқда.
Юртдошларимиз ўртасида айрим касалликлар кўрсаткичлари йил сайин ошиб бораётгани ҳам ачинарлидир.
Буларнинг барчаси соғлиқни сақлаш соҳаси бошқарув тизимида бугунги замон талабларига мос, янгича фикрловчи, ташаббускор, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашадиган кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ”, дейилади хабарда.
Айтилишича, шу йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратининг ўз фаолиятида натижа бермаган 40 фоиз ходимлар вазифасидан озод этилган ва уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинди.