2022 йил сарҳисоби: Соғлиқни сақлаш йўналишида нималарга эришдик?
2022 йилда тиббиётга ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп, яъни 28 трлн. сўм маблағ ажратилди.
105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиникалар, 1 мингта маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди.
“Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилиб, 3,5 млн. аҳолига малакали тиббий ёрдам маҳалланинг ўзида кўрсатиш имконияти яратилди.
Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди (188 млрд. сўмдан 540 млрд. сўмга).
35 та қўшма шикастланиш марказлари ташкил этилиши натижасида жойлардаги жароҳат ва инсульт билан боғлиқ ўлим ҳолатлари 2 бараварга қисқарди. Ўн миллиондан зиёд 40 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизи кардиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди. Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг нафар бемордан 3 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди.
Тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 30 фоизгача оширилди. Шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди. Хусусий шифохоналардан мажбурий ундириладиган туристик йиғим бекор қилинди, чет элдан мутахассисларни доимий ишлашга ва маҳорат дарсларини ўтказишга жалб этиш соддалаштирилди. Янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари учун божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январга қадар узайтирилди.
Илк маротаба 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “очиқ мулоқоти” доирасида тиббиёт ходимлари ва аҳолидан келиб тушган 25 минг мурожаатда кўтарилган тизимли муаммолар таҳлил қилинди ва уларнинг ечимига қаратилган Президентнинг алоҳида фармойиши билан 7 та йўналиш бўйича 50 та банддаги “йўл харитаси” тасдиқланди.