287 минг нафардан ортиқ ўқувчиларни ўз вақтида касб-ҳунарга йўналтириш масаласи муҳокама қилинди
Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Самарқанд вилоятидаги умумтаълим муассасаларида ўқувчи-ёшларнинг ўз вақтида касб-ҳунарга йўналтирилиши бўйича олиб борилаётган ишларни танқидий таҳлил этиш масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Озод Жангиров раҳбарлигида ZOOM платформаси орқали ўтказилган йиғилишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудирлари иштирок этди.
Дарҳақиқат, бугун халқ таълими ходимларининг олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ўқувчиларни 7-синфданоқ қизиқишлари ва интилишлари, қобилиятига кўра касб-ҳунарларга тўғри йўналтириш масаласи устувор аҳамиятга эга. Вилоят умумтаълим муассасаларида бугунги кунда 66613 нафар 7-синф, 63297 нафар 8-синф, 56840 нафар 9-синф, 50594 нафар 10-синф, 50585 нафар 11-синф ўқувчилари таълим-тарбия олаётганини инобатга олсак, бу борада педагог-ходимлар, мактаб психологлари, ота-оналар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари олдида қанчалик масъулиятли вазифа турганини тушуниш қийин эмас. Айни пайтда ўқувчиларнинг орзу ва интилишлари, касб-ҳунарларга доир тушунчаларини шакллантириш, тўғри касб танлай олишига кўмаклашиш лозим.
Онлайн йиғилишда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудирлари ҳамда мактаб психологларининг бу борадаги фаолиятига танқидий баҳо берилиб, йўл қўйилаётган камчиликларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, ўқувчиларнинг касб-ҳунарга йўналтиришда энг муҳим манбалардан бири бўлган Республика ташхис марказининг profnavigator.uz сайти имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Хуршид ҒОЗИЕВ,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг педагогик-психологик ташхис фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудири.