36 ёшли аёл хат қолдириб, икки фарзанди ва ўзининг жонига қасд қилди

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 26 октябрь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жойлашган “Эски ер” сув омборидан 3 одамнинг жасади топилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Аниқланишича, 2020 йил 26 октябрь куни соат 17:00 ларда Янгиқўрғон тумани Навкент маҳалласида яшовчи аёл Н.Ғ. (1984 йилда туғилган, судланмаган, уй бекаси) шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғининг оиласига тегишли бўлган, 2,0 гектар тутзор учун ажратилган ер майдонининг 50 сотихини укасига бериб юборганлигидан норози бўлиб, бу ҳақда хат ёзиб қолдирган.

Сўнг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари билан тумандаги “Янгиқўрғон эски ер” сув омборига келиб, омборнинг бошланиш қисмига фарзандларини кетма-кетликда сувга ташлаб, уларни чўкиб ўлганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин ўзини ҳам сувга ташлаб, жонига қасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.