Агрофирманинг 352 миллион сўмлик автомобили хатланди

Фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судининг ижро варақасига асосан, қарздор “Ж.Х.Б” агрофирмасидан ундирувчи “Микрокредитбанк” АТБ Ургут филиалининг фойдасига 583 миллион сўмга яқин кредит қарздорлиги ундириши белгиланган.

Ундирув гаровга қўйилган “Toyota Prado”, “Captiva”, “Cobalt” ва “Damas” русумли автотранспорт воситаларига қаратилган. Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Ургут туман бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган ҳамда қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилган.

Ижро ҳаракатлари давомида давлат ижрочиси томонидан берилган ихтиёрий муддат ўтганлиги сабабли, агрофирманинг “Toyota Prado” русумли автотранспорт воситаси хатланди ҳамда “E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдонида 352 миллион сўмга сотилиб, кредит қарзини ёпишга қаратилди. Энди навбат “Captiva”, “Cobalt” ва “Damas”га.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган 2 ойида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасига 391 миллиард 925 миллион сўм ундирув суммаси билан 31180 та ижро варақаси келиб тушган. Ўтган йилги қолдиқ билан ижрога қаратилган ҳужжатлар сони 275089 тани ташкил этади. Ўтган икки ойда бюро томонидан 45767 та ижро варақаси бўйича якуний қарор қабул қилиниб, амалда 16624 та ҳолатда 228 миллиард 519 миллион сўм ундирилган.

Адҳам НАРЗУЛЛАЕВ,

МИБ вилоят бошқармаси инспектори.