Аждодлар илмий мероси: асраш — бурч, давом эттириш — масъулият
Дунёда кузатилаётган сиёсий беқарорликлар, этник ва диний зиддиятлар шароитида илм-маърифатга таяниш, халқларнинг тарихий хотираси ва миллий меросини асраб, ривожлантиришга эҳтиёж янада ортмоқда.
Зеро, аждодлар қолдирган бой илмий ва маънавий тажриба нафақат ўтмишни англаш, балки бугунги мураккаб жараёнларга теран нигоҳ билан қараш, жамиятда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини мустаҳкамлаш учун муҳим манба ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимизда ҳам тегишли йўналишдаги ишлар мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва аниқ ташкилий механизмлар билан бойиб, изчил тизимли тус олмоқда. Хусусан, 2025 йил 25 февралда қабул қилинган Қонун билан “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” тасдиқланди. Унда буюк мутафаккир ва олимларнинг диний-фалсафий мероси, тарихий асарлар ҳамда қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, диншунослик соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари сифатида белгиланган.
Хусусан, мазкур йўналишда амалга оширилаётган давлат сиёсатнинг муҳим амалий ифодаларидан бири Ислом цивилизацияси маркази фаолиятида намоён бўлмоқда. Қарийб 10 гектар ҳудудни эгаллаган марказ экспозицияларида Ўзбекистон заминидаги исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон даврига оид тарихий жараёнлар қамраб олинди. Расмий маълумотга кўра, Марказ фондидаги қадимий манбалар сони 2025 йилнинг ўзидаёқ 2 мингдан ошди, нодир Қуръон қўлёзмалари эса 60 тадан зиёдга етди. Шунингдек, хорижий аукционлар, коллекционерлар ва арт-дилерлар билан ҳамкорлик натижасида 743 та экспонатнинг асл нусхалари Ўзбекистонга олиб келинди.
Бундай бой манбаларнинг бир жойда жамланиши тадқиқотчиларимиз учун нафақат кенг моддий базани шакллантирди, балки турли даврларга оид тарихий жараёнларни ўзаро қиёслаш, илмий қарашлар ва маърифий анъаналарнинг ривожланиш босқичларини аниқлаш, шунингдек, минтақамиз цивилизацияси тараққиётини яхлит ва тизимли таҳлил қилиш имконини кенгайтирди.
Албатта, ҳар қандай соҳа ривожи ундаги мутахассислар салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу сабабли Президентнинг ПФ-68-сон Фармони билан диншунослик йўналишида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ҳам муҳим институционал ўзгаришлар амалга оширилди.
Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси сифатида қайта номланиб, исломшунослик ҳамда диншунослик соҳаларида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси сифатида белгиланди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2025/2026 ўқув йилидан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида дуал таълим тизими жорий этилди. “4+2” моделига мувофиқ, талабалар назарий таълимнинг асосий қисмини таълим муассасасида олиб, ҳафтанинг икки кунида амалиёт ўташи йўлга қўйилди. Битирувчи курс талабаларини амалиёт даврида Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларига бириктириш орқали уларнинг билимини амалиётга, реал ҳаётга тадбиқ этиш вазифалари белгиланди.
Бу механизмнинг принципиал аҳамияти шундаки, энди диншунослик ва исломшунослик соҳасидаги таълим илмий назария билан чекланиб қолмай, амалий институтлар, таҳлил марказлари ва давлат бошқаруви билан боғланди. Яъни, замонавий мутахассисдан бугун нафақат тарихий ва диний манбаларни билиш, балки уларни замонавий ижтимоий жараёнлар билан боғлай олиш, таҳлил қилиш ва илмий хулоса чиқариш кўникмаларга эга бўлиш ҳам талаб этилмоқда.
2018 йилда асос солинган Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ҳам соҳани ана шундай малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган илм даргоҳларидан бири ҳисобланади. Мактабда таълим муддати беш йил бўлиб, унга мамлакатимиздаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг битирувчилари имтиҳон асосида қабул қилинади.
Муассаса ёшларга ҳадис илми, диний фанлар мутахассислиги ва араб тили ўқитувчилиги йўналишлари бўйича ихтисосликни эгаллаш имконини беради.
Эътиборлиси, бугун мазкур муассаса талабалари ҳам Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўқув амалиётини ўтаб, илмий-тадқиқот жараёни билан бевосита танишишмоқда. Жараёнда улар ҳадисларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят йўллари ва санадларини ўрганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига кўра таснифлаш, диний-фалсафий асарларни тадқиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларни эгалламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, аждодларимиз диний-илмий меросини чуқур ўрганиш ва унинг асл мазмун-моҳиятини жамиятга етказишга қаратилган ишлар замонавий Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур ёндашув Концепцияда белгиланган фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини изчил рўёбга чиқариш ва жамиятда конфессиялараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш вазифалари билан узвий боғлиқ.
Шу маънода, аждодлар меросини илмий асосда ўрганиш нафақат тарихий ҳақиқатни англаш, балки диний соҳада соғлом маърифий муҳитни қарор топтириш ва турли эътиқод вакиллари ўртасида ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим омилдир.
Асқар Баротов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси эксперти.