Алиев Қорабоғ ҳудудларида тиклаш ишлари бошланганини маълум қилди

Озарбайжон президенти Илхом Алиев мамлакат назоратига ўтган Қорабоғ ҳудудларини тиклаш ишлари бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда у 20 ноябрь куни Озарбайжон халқига қилган мурожаатида сўзлади.

“Биз тиклаш ишларини бошладик. Фузулийдан Шушагача йўл қурилиши бўйича зарурий топшириқлар бердим. Президент захира фондидан дастлаб 50 миллион манат (29.500.000 АҚШ доллари) ажратилди. Ушбу маблағ етарли бўлмайди. Келгуси йилда қўшимча маблағ ажратилади”, деди Алиев мурожаатда.

Бундан ташқари, Алиев Қорабоғ можароси “ортда қолганини” таъкидлади.

“Шундай қилиб, Арманистон-Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ можароси ортда қолди. Буни халқаро мутахассислар ҳам таъкидламоқда. Жанг майдонида қойилмақом ғалабага эришган Озарбайжон сиёсат майдонида ҳам ўз мақсадига эришди”, деб таъкидлади Алиев.