Эрон Қорабоғ можаросида воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилди

Теҳрон Қорабоғ келишувида воситачилик қилишга тайёр ва унинг режаси барқарор тинчликка эришишда ёрдам беришига умид қилмоқда. Бу ҳақда 30 октябрь куни Эрон президентининг махсус вакили, ташқи ишлар вазири ўринбосари Аббос Аракчи РИА Новости билан суҳбатда маълум қилди.

“Эрон Ислом Республикаси ушбу масаланинг муҳимлигини ва икки мамлакат – Арманистон ва Озарбайжон билан олиб бораётган яхши муносабатларини, шунингдек, ушбу минтақанинг ўзига хос шароитларини ҳисобга олган ҳолда, Эрон Ислом Республикаси ҳар доим сулҳ тузиш, ўзаро мулоқотни бошлаш ва тинчлик ўрнатилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини эълон қилиб келган”, деди Аракчи Эрон Қорабоғдаги вазиятни барқарорлаштиришда воситачи вазифасини олишга тайёрми, деган саволга жавоб қайтариб.

Унинг сўзларига кўра, “Бу осон жараён эмас. Сабаби, кўплаб - минтақада ташқаридан тинчлик бўлишини истамаганларнинг аралашуви каби муаммолар мавжуд”.

Аракчи айнан кимни назарда тутганига аниқлик киритмади. Бироз илгари, у вазиятни барқарорлаштиришда Россия ва Туркиянинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаган эди.