Боку Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар оқибатида 9 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлганини маълум қилди

Озарбайжон таълим вазири Эмин Амруллаев Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар оқибатида тўққиз нафар озарбайжонлик мактаб ўқувчиси ҳалок бўлгани тўғрисида маълум қилди. Бу ҳақда 30 октябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

“Сўнгги бир ойда тўққиз нафар ўқувчимиз ҳалок бўлди. Мактаблар ўқитиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолди”, деди вазир бугун бўлиб ўтган брифингда.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Қорабоғ ҳудудидаги зиддият 27 сентябрь куни бошланди. Иккала томон бир-бирини биринчи бўлиб жанговар ҳаракатларни бошлаганликда айбламоқда. 10 октябрь куни Россия воситачилиги ёрдамида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битм имзоланди. Бироқ ўт очишни тўхтатиш режими амал қилишни бошлаганидан бир соат ўтиб, жанговар ҳаракатлар яна янгиланди. Икки томон ўртасида сулҳ тузилишини таъминлаш учун иккинчи ҳаракат АҚШ томонидан амалга оширилди. Унга кўра, 26 октябрдан бошлаб ўт очиш тўхтатилиши керак эди. Аммо иккинчи ҳаракат ҳам муваффақиятсизликка учради.