Халқ розилигига эришиш масъулларнинг олий мақсади бўлиши зарур
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз биринчи сессияси ўтказилди.
Сессия ишини вилоят Кенгаши раиси Ш.Негматов бошқарди.
Кун тартибига кўра, дастлаб “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Р.Ҳотамовнинг ҳисоботи эшитилди.
- Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-графикка мувофиқ, жорий йилда 231 та маҳаллада хатлов ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, йилнинг биринчи ярим йиллигида режалаштирилган 84 та маҳалла ўрнига амалда 97 та маҳаллада хатлов ишлари олиб борилган, - деди Р.Ҳотамов. - Шундан 78 та маҳаллада ишлар тўлиқ якунланган бўлиб, қолган маҳаллаларда бу иш давом эттирилмоқда.
Қонун кучга кирган даврдан буён хатлов ишлари амалга оширилиши белгиланган 564 та маҳаллада жами 142 минг 473 та кўчмас мулк обйекти хатловдан ўтказилган. Уларнинг 100 минг 931 таси УзКАД ахборот тизимида фаол босқичга ўтказилган бўлиб, 2026-йил 12-июн ҳолатига кўра “Эътироф” ахборот тизимига 69 минг 212 та объект бўйича маълумотлар киритилган.
Мазкур объектларнинг 45 минг 723 таси муҳокама босқичида, 1 минг 605 таси эълон жараёнида, 3 минг 275 таси адлия органларида кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, 3 минг 886 та объект бўйича бир марталик тўловларни амалга ошириш, 512 та обйект бўйича эса қарор қабул қилиш ишлари кутилмоқда. Айни вақтда 1 минг 906 та объект турли сабабларга кўра рад этилган.
Депутатлар айрим ҳолларда аҳоли ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қонун талабларини етарлича тушуниб етмаётгани, хусусан, ер участкасининг эгаллаб олинган даврини аниқлаш ва тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар, ҳуқуқи эътироф этилган обйектларни ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатлари фуқаролар мурожаатларининг кўпайишига сабаб бўлаётганини билдиришди ва бунга изоҳ сўрашди.
Ижро доирасида 11 минг 110 та объектга нисбатан халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан эгалик ҳуқуқлари эътироф этилган бўлса-да, уларнинг атиги 3 минг 376 таси бўйича кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш учун мурожаат қилинган. Бу эса ҳуқуқи эътироф этилган объектларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини жадаллаштириш, аҳоли ўртасида қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Шундан сўнг вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи А.Қурбонов экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида экологик назорат тадбирлари натижасида 1572 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 4 миллиард 76 миллион сўмдан зиёд маъмурий жарималар қўлланилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 7 миллион 188 минг туп кўчат экилиб, саноат корхоналари томонидан 170 гектардан ортиқ майдонда “яшил белбоғ”лар барпо этилган. Чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари томонидан 39,4 минг тонна чиқинди қайта ишланган ҳамда аҳолининг маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизматлари билан қамров даражаси 65 фоизга етказилган.
Сессияда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани)нинг вилоятдаги минтақавий вакили Х.Раҳмоновнинг 2025-йилда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Маълум қилинишича, ўтган йил Болалар омбудсманининг вилоятдаги минтақавий вакилига жисмоний ва юридик шахслардан 133 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 16 таси ижобий ҳал этилган, 11 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. Давлат органлари ва ташкилотларида бола ҳуқуқлари таъминланиши ҳолати юзасидан 13 маротаба мониторинг ўтказилган.
Шунга қарамасдан, вилоятда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2025-йилда вояга етмаганлар томонидан 135 та жиноят содир этилиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42 тага ошган. Содир этилган жиноятларнинг 83 таси мактаб ўқувчилари ҳисобига тўғри келиб, бу жами вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 61,4 фоизини ташкил этади.
Ҳисобот даврида 46 нафар болага нисбатан зўравонлик - 20 таси руҳий, 16 таси жисмоний, 7 таси жинсий зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига 1164 нафар бола назоратсиз ва қаровсиз қолганлиги сабабли жойлаштирилган.
Депутатлар ахборот юзасидан ўз фикрларини билдириб, мазкур ҳолатларнинг олдини олиш бўйича манзилли ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигини таъкидлашди.
Шундан сўнг сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш, Паст Дарғом, Ургут, Қўшработ, Пахтачи туманларидан бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш, вилоят маҳаллий бюджетининг 2026-йил 1-январ ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларидан фойдаланиш, драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур инфратузилма обйектларининг манзилли рўйхатига ўзгартириш киритиш, «Ўзбекистон Темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан 8 та тезюрар электропоезд харид қилиш лойиҳа консепсиясини маъқуллаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини (Самарқанд шаҳрининг Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида 125 та обйект, «Ипак Йўли» давлат музейи ташкил этиш учун 8 та турар ва нотураржой обйектлари) олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, тасдиқланди.