Армиядаги таомнома: Катта дастурхондаги муҳим ўзгаришлар
2020 йилнинг 1 январидан армия дастурхонига қаҳва, творог, шоколадли батон, ярим дудланган колбаса, пишлоқ, узум, мураббо, апелсин ва лимон бўлакчалари мармелади ва бошқа маҳсулотлар қўшилди.
Бу ҳақда ҳарбий журналист, капитан Ғайратжон Мадраҳимов маълум қилди.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари учун таомлар хилма-хиллиги ва ассортиментни кўпайтириш мақсадида асосий ва қўшимча озиқ-овқат паёклари бўйича таомнома-тақсимотни тузишда бир озиқ-овқат маҳсулотларини бошқасига алмаштиришга рухсат этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги 966-сонли қарорига мувофиқ, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларига асосий ва қўшимча озиқ-овқат паёкларини тарқатишда бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини бошқасига алмаштириш меъёрлари тасдиқланди. Бунга кўра, ҳарбий қисмларда аутсорсинг тизимида ишлаётган фирмалар томонидан эндиликда армиядаги овқат хилма-хиллигини ва сифатини яхшилаш борасида армия таомномасида ўзгаришлар юз берди.
Жанговар хизмат ва ўқув вазифаларни бажариш вақтида ёки иссиқ овқат тайёрлаш имкони бўлмаганда кучишлатар тузилмаларнинг бўлинмаларига қуруқ паёк берилади. Қуруқ паёк билан овқатланиш 3 суткадан ошмаслиги керак, дейилади йўриқномада.
Шунингдек, байрам кунлари ва ҳарбий қисм ташкил топган кун муносабати билан ҳар бир кишига қўшимча гўшт, печенье, конфет, асал ҳамда Наврўз айёмида сумалак берилади.
Озиқ-овқат меъёрларидаги миқдор кўрсаткичи қўшин турларига қараб фарқланади.