Астрофизик олим Бобомурод АҲМЕДОВ: «Ойнинг устига лимонни қўйиб, Ердан туриб кузатиш мумкин»

Юлдуз тўла сирли осмонга қараганингда ўлчаб берилган инсон умри олдида чексизлик нима эканини англагандек бўласан. Коинотнинг ҳайбати қаршисида одамзоднинг тасаввури, даъвою фаразлари нақадар жўн ва нисбийлигига имон келтирасан. Аммо, барибир, унинг жуда кичик бир нуқтасида – Ер аталмиш сайёрада мавжудлигинг, у ерда туғилиш, яшаш ва ўлим борлиги, сен ҳам шу заминда зарранинг зарраси эканлигинг янгидан-янги саволлар келтириб чиқараверади, ўйлашга, излашга чорлайверади...

Астрономия фани эса худди шу инсон ва осмон туташувлари ҳақидаги саволларга жавоб топиш учун ойлаб, йиллаб кузатувлар олиб боради. Суҳбатдошимиз –самарқандлик профессор, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти назарий астрофизика бўлими бошлиғи, физика-математика фанлари доктори, Бутунжаҳон фанлар академияси (The World Academy of Sciences, TWAS) аъзоси Бобомурод АҲМЕДОВ билан ана шу кузатувлар ҳақида суҳбатлашдик.

Астрофизикада, умуман, аниқ фанларда сизни ҳайратлантирадиган нарса нима?

– Одамзодни доимий қизиқтириб келадиган саволлар бор. Қаердан келдик? Осмондаги юлдузлар қандай пайдо бўлган? Нега уларни биз фақат қоронғи тунда кўрамиз? Ойда нима бор? Қуёшда-чи? Унинг ёрқинлиги манбаси нимада? Худди шу сингари ўнлаб ва юзлаб саволларга жавоб берадиган фанлар бу – астрономия, космология, астрофизика. Астрофизиканинг ўзи астрономиянинг таркибий кисмидир. Астрономиянинг энг долзарб вазифаларидан бири – коинотнинг пайдо бўлишига боғлиқ жумбоқлар ечимини топиш. Айни шу масалаларни ечишда астрофизика асосий ўрин тутади.

Бугунги кун фанининг аниқлашича, коинот бундан 13,7 миллиард йил олдин биттагина сингулар нуқтадан иборат эди ва айни шу нуқта улкан портлаш натижасида кенгая бошлаган. Унинг доимий равишда кенгаёятгани ҳақидаги маълумот биринчи марта 1929 йилда топилди. Ўша маълумот ўз исботини топгандан кейингина фан коинотнинг пайдо бўлиши ҳақидаги илмий исботланган космологик назарияга эга бўлди. Лекин янги назария ўша маҳалгача мавжуд бўлган саволларга жавоб беришдан ташқари фан қаршисига янгидан янги саволларни кўндаланг қўйди. Жумладан, “Агар коинот битта нуқтадан пайдо бўлган бўлса, демак, унинг зичлиги ҳам чексиз бўлган; чексиз зичликка эга бўлган нуқтанинг ҳарорати қандай эди; у дастлаб қайноқмиди ё совуқ?”, деган муаммолар ўртага тушди.

1965 йилгача астрофизиклар икки гуруҳга ажралиб, ярми совуқ деса, ярми қайноқ деган космологик модел тарафдори бўлган. Бу моделнинг асосчиси америкалик олим (асли собиқ СССРлик) Георгий Гамов эди.

Гамов бошланғич коинотнинг ҳарорати аввалига Планк вақтига ( секунд) қадар чексиз, кейин ўта юқори  бўлган,   секин-секин совий бошлаб,  3 градус Кельвин (Цельсийдан 273 градус паст) атрофида эди, деган космологик назарияни илгари суради. Буни Американинг Белл Лабораториес телефон компаниясида ишлаган муҳандислар Пензиас ва Вильсон 1965 йилда тасодифан топишган ва ўшандан бошлаб космологияда битта экспериментал факт (Оламнинг кенгайиши) иккинчи факт - космик микротўлқин нурланиш температураси билан бойиган. Ўша давр астрофизика ва космологияда олтин асрнинг бошланиши дейилади.

Аниғи шуки, коинотда бошланғич нуклеосинтез моддалари водород ва гелийдан иборат эди, холос. Кейин қайсидир босқичда юлдузлар пайдо бўлади, сўнг улар портлаб, ўта янги юлдуз (шуни айтиб ўтиш керакки, 1609 йилга қадар бешта ўта янги юлдуз кузатилган ва биттаси 1006 йилда Ибн Сино томонидан кашф этилган),   натижада бошқа оғирроқ элементлар юзага келади. Ниҳоят, коинот 9 миллиард ёшга тўлганида бизнинг қуёш тизимимиз пайдо бўлган. Ҳозир 100 миллиард атрофида галактика ва ҳар бир галактикада тахминан 200 миллиардга яқин юлдуз борлиги аниқланган. Уларнинг атрофида қанча сайёра ҳаракатланиб юрганини аниқлаш эса жуда мушкул. Бугун ҳаётимизга юқори технологияларнинг кириб келиши, ҳар томонлама мукаммал асбоб-ускуналарнинг яратилиши натижасида коинот билан боғлиқ янги-янги сирлар очилмоқда. Ҳатто, шундай телескоплар борки, Ойнинг устига лимонни қўйиб, Ердан туриб кузатиш имконини беради.

Охирги 20 йилда эришилган натижаларга қараб, астрономия ва астрофизикада буюк кашфиётлар эраси бўлди, деб бемалол айта оламиз.

– Ўзимизда-чи, ўзбек астрономиясида қандай ишлар амалга оширилди, нималар қилиняпти?

– Институтимизда турли дастурлар бўйича кузатувлар олиб борилади. Шулардан бири астероидларнинг ҳаракатини кузатиш. Бунинг долзарблиги нимада? Аввало, астероидларнинг планетамизга қанчалик яқинлашаётгани ё узоқлашаётгани, унинг Ер шарига қандай хавфи бор, шулар кузатилади. Бу дастур япон ва украин олимлари билан халқаро шерикчиликда олиб борилмоқда. Шу жараёнда Самарқанд кичик сайёраси  кашф этилди. Яна битта янгилик - 2017 йилда Майданак обсерваториясида яқин галактика NGC 3938 да ўта янги юлдуз SN2017ein илк бор кузатилди.

Айнан бизнинг йўналишимиз назарий астрофизика. Биз бу фанни назарий жиҳатдан ўрганамиз. Хусусан, юлдузлар эволюциясини тадқиқ этамиз. Биласизми, юлдузлар ҳам одамларга ўхшаб туғилади, яшайди, ўлади. Одамзоднинг яшаш даври массасига деярли боғлиқ эмас. Дейлик, 50 килограммлик одам ҳам, 80-100 килограммлик одам ҳам ўртача етмиш йил яшайди. Юлдузларда эса мутлақо бошқача. Оғир юлдузлар енгил юлдузларга қараганда камроқ яшайди. Бу нимага боғлиқ? Масалан, 50 килограмм одамнинг тана ҳарорати 36,6 градусга тенг, 100 ккилограмм одамнинг тана ҳарорати ҳам шундай. Танадаги ҳарорат одам организмида рўй бераётган химик реакцияларнинг тезлигини аниқлаб беради. Юлдузларни оладиган бўлсак, оғир юлдузларнинг ҳарорати жуда баланд, натижада уларнинг тасвири ҳам спектрда кўк бўлиб кўринади. Кўк юлдуз, бу – ёш юлдуз. Масалан, Қуёшнинг умри 10 миллиард йил бўлса, оғир юлдузларники ундан 100 баравар камроқ. Чунки ҳарорати баланд бўлгани учун улар ядро ёқилғисини тез сарфлаб тугатади ва ўта янги юлдуз орқали охирги холатдаги колдиғининг массасига қараб - оқ митти, нейтрон юлдузга ёки қора туйнукларга айланиши мумкин.

Бизнинг ўрганиш ва кузатиш объектларимиз нейтрон юлдузлар ва қора туйнуклар. Нейтрон юлдузлардан келаётган нурланиш магнитосферада пайдо бўлади. Шунинг учун унинг магнитосфераси характери ўрганилади. Қора туйнукка тўхталадиган бўлсак, у ҳақида “сочи йўқ” деган ибора мавжуд. Бу нима дегани? Масалан, нейтрон юлдузнинг зичлиги, айланиши, радиуси, ҳарорати, умуман, бошқа миллионта параметри бор. Қора туйнукни оладиган бўлсак, у жуда содда, оддий математик объект. Иккитагина параметри бор – массаси ва айланиши. Қора туйнукнинг энг ёмон, бемаза одати – нима тушса, ютиб юборади. Ҳатто нур, яъни фотонни ҳам. Натижада биз уни анъанавий усулда кўра олмаймиз.

Ҳозир битта халқаро лойиҳада қатнашяпмиз. Унда қора туйнук камераси, яъни ҳодисалар горизонти телескопи ёрдамида галактикамиз марказидаги 4,1 миллион қуёш массасига тенг бўлган ўта оғир қора туйнук кузатилмоқда. Ёрқин юлдузнинг тасвири галактикамиз марказидан ўтса, қора туйнук  фотонсфера бўйлаб фотонларни еб қўяди, натижада узоқдаги юлдузнинг тасвирини кўрганингизда унинг ичида битта қора тешикча (нуқсон, хол) кўринади, агар мана шу қора тешикчани топсак, биз уни қора туйнукнинг сояси, деб айтамиз. У жуда кичкина бўлади - 40 микро ёйсекундга тенг. Буни аниқлаш ўта мушкул, аммо ҳозир шунга анча яқинлашиб қолдик, ўша қора туйнук тешикчасининг соясига қараб, унинг массасини ва у қанчалик тез ёки секин айланишини билишимиз мумкин.

Булар нима учун керак? Ер қуёш атрофида айланади. Қуёш пайдо бўлганидан буён эса юқори массали қора туйнук атрофида 22 марта айланди. Бизнинг галактикамизни бир тизим шаклида ушлаб туриш учун ўша марказий қора туйнукнинг аҳамияти катта. Агар у галактикани ушлаб турмаса, тизим бузилади.

– Дунё илм фанида ўзбек астрономиясининг ўрни қандай поғоналарда? Ютуқларимиздан ташқари қандай муаммолар мавжуд?

– SCOPUS (библиографик ва рефератив маълумотлар базаси ва илмий журналларда нашр этилган мақолаларга қилинган ҳаволаларни кузатиш воситаси)нинг ҳисоби бўйича ўзбек астрономия фани 56-ўринда. Тўғри, қўшни давлатлар билан солиштирганда, бу натижа ёмон эмас, аммо бундан хотиржам бўлмаслигимиз, юқори ўринларга чиқишга интилишимиз шарт. Бунинг учун нима қилиш лозим? Иқтидорли ёшларимиз кўп, институтимиз илмий базаси ҳам ёмон эмас. Фақат илмга ажратилаётган маблағ етарли эмас. Истеъдодли ёшларимизни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Юқори ўринларга чиқишимиз университетларимизнинг нуфузига ҳам боғлиқ.

Ўзбекистон миллий университетида ҳам талабаларга дарс бераман. Биласизми, илмли, интилувчан ёшларимиз талайгина, лекин кўпчилигининг заиф томони бор –  инглиз тилини, компьютерда дастурлашни билмайди. Натижада илмий мақолаларини халқаро илмий нашрларда чоп эттира олмайди, халқаро илмий институтлар билан ҳамкорлик қила олмайди. Мен шундай таклиф билан чиқдим: аниқ фанлар бўйича илм қиламан деган талабадан магистратурага ҳужжат олишда IELTS сертификати ҳам сўралиши керак. У инглиз тилини IELTS бўйича 6-6,5 баллик даражада билиши шарт. Ўшанда у қилаётган ишини дунё илм-фан оламига таништира олади, яхши натижаларга эришади. (Мисол тариқасида Леметр томонидан ўтган аср бошида коинот кенгайиши тўғрисидаги маълумотларни француз тилида чоп этгани ва орадан 90 йил ўтиб, 2018 йилдан бошлаб олам кенгайиш қонунига Хаббл-Леметр мақоми берилишини келтиришим мумкин. Агарда Леметр ўша пайтда мақоласини немис тилида ёзганида, балки Эйнштейндан ҳам машҳур бўларди, яна ким билади дейсиз...).

– Бугун бутун жамиятимизда жадал янгиланишлар жараёни кетяпти. Бу жараён, шубҳасиз, илм-фан соҳасини ҳам қамраб олган. Шундай пайтда астрономияга бўлган эътибор қандай?

– Ўрта асрлар даврининг буюк мутафаккирлари Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, айниқса, Мирзо Улуғбекнинг математика ва астрономия ривожига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган. Астрономия, осмон жисмларини ўрганиш азалдан бизнинг қонимизда бор. Яна бир муҳим жиҳати, мамлакатимиз энг қулай астроиқлимда жойлашган. Масалан, Европа осмонида сиз бирорта юлдузни кўра олмайсиз. Бизда эса шом кириши билан осмонимиз тўла юлдуз чарақлаб туради. Шундай имконият, теран илдизларимиз бўла туриб, бизда астрономиянинг ривожланмаслиги мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрда “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Астрономия институти қошида 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлган, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати, “Астрономия ва Аэронавтика” боғи ҳамда Планетарий қуриляпти.

Кўпгина ривожланган давлатларда кўнгилочар ва илмий-оммабоп боғларни кўриб ҳавас қилардим. Бундай боғлар фарзандларимизда ўша соҳага бўлган қизиқишни оширади. Масалан, Астрономия ва аэронавтика боғига келган бола юлдузларнинг жойлашуви, галактика, планеталарнинг кўриниши, сомон йўли – ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, маълумотга эга бўлади. Ёки Планетарийга борган одам махсус тугмачаларни босиб, хоҳлаган йилида юлдузларнинг жойлашуви қандай бўлганини томоша қилиши мумкин. Хуллас, бу фарзандларимизнинг дунёқараши, тафаккурини ўстиришга хизмат қиладиган маданий-маърифий маскан бўлади.

Бундан ташқари, яқин йилларда амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳаларга имзо чекилди. Россия Федерацияси билан ҳамкорликда 100 миллион долларлик лойиҳа – Жиззах вилоятининг Суфа текислигида RT-70 радиотелескопи ўрнатиладиган бўлди. Майданак обсерваториясида янги технология асосида 4 метрлик оптик телескоп қурилади.

– “Астрономия фойдасиз фан. Олис юлдузларни ўрганишдан, маблағ сарфлашдан нима фойда”, дегувчилар ҳам топилади. Бунга сизнинг фикрингиз?

– Ҳар қандай фан ҳақида, жумладан, астрономия ҳақида ҳам шундай фикрлар бўлиши мумкин. Аммо бу фикр нотўғри. Астрономияга келсак, иккита мисолнинг ўзи етарли. Масалан, қўлингиздаги телефон камераси билан видео оласиз, бахтли дамларингизни суратга муҳрлайсиз. Энг оддий уяли телефонларда ҳам рақамли камера, яъни плёнканинг ўрнига тасвирни сақлаб оладиган кремнийли кристалл ПЗС матрица бор. Буни кундалик ҳаётимизга биринчи бўлиб астрономлар олиб киришган. Уни илк бор телескоплар учун ясашган. Иккинчи мисол эса GPS тизими. Барча ривожланган давлатларда дунёни навигаторлар билан саёҳат қилиб чиқилади. Уларнинг ёрдами билан, қаерда бўлмайлик, ўз координатларимизни аниқлаймиз. Бу ҳам астрономларнинг кашфиёти.

– Фикрингизча, бугунги замонавий астрофизика яқин келажакда коинотнинг қандай сирларини очиш олдида турибди?

– Асосий сирлардан бири бу – қоронғи модда. У кўринмайди, аммо тортишиш кучи таъсирида ўзини намоён қилади. Кўринувчи модда юлдузлар, юлдуз туркумлари, сайёралар. Улар коинотнинг фақат 4 фоизини ташкил этади. Қолган 23 фоизи қоронғи модда ва 73 фоизи сирли қоронғи энергия. Барибир бизнинг коинотимизни, галактикамизни ва қуёш тизимимизни ўрганиш доимо янги, кутилмаган ҳодисалар ва кутилмаган кашфиётларни келтириб чиқараверади. Ва коинотда, қуёш тизимида ҳали ҳам номаълум сирлар жуда кўп.

– Ушбу оламшумул астрономик синоатлар сирларини очишдек масъулиятли изланишларингизга омад тилаймиз.

- Раҳмат.

Шаҳноза РОФИЕВА суҳбатлашди.