Таъминотдаги муаммони бугун ҳал этиш керак, қишда кеч бўлади

20 июнь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгашдаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Ш.Йўлдошев бошқарди.

Дастлаб вилоятнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида электр таъминоти тизимини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари ўринбосари Р.Олимов ҳисобот берди.

Таъкидланишича, Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда 463,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 110 кВ кучланишли 66,2 километр электр узатиш тармоғи ва 7 дона подстанция, 35 кВ кучланишли 10,0 километр электр узатиш тармоғи ва 5 дона подстанция ҳамда 73,1 километр 0,4-10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари янгидан қурилиши ва реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Қўшработ тумани Урганжи маҳалласида 110/10 кВ.ли нимстанция ҳамда Булунғур тумани Ғўбдин массивида 110/10 кВ.ли нимстанция қурилади.

Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига асосан, вилоятнинг 88 маҳалласида 495,5 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 233 та трансформатор пунктини янгилаш ва модернизatsiя қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда 66 та объектда ишлар олиб борилмоқда.
Туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ, 328 та маҳаллада 382,5 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 115 та трансформатор пунктларини янгилаш ҳам белгиланган эди. Бугунга келиб, 981 дона темир бетон устун ўрнатилиб, 52,3 километр электр узатиш тармоқлари, 5 та трансформатор пунктлари модернизatsiя қилинди.
Юқори кучланишдаги подстанцияларда ижобий ишлар амалга оширилишига қарамасдан, паст кучланишдаги трансформаторлар ва электр узатиш тармоқларимизда муаммолар юзага келяпти. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда керакли кучланишда электр билан таъминланмаслик ҳолатлари мавжуд.

Вилоятдаги 14 мингдан зиёд трансформаторларнинг 5263 таси, юқори кучланишли 33 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқларининг қарийб 16 минг километри 40 йилдирки эксплуатatsiя қилинмаган ва техник жиҳатдан эскирган.

Мавжуд таянч устунларнинг 15 фоизи таъмирталаб ҳолатга келган бўлса, вилоят бўйича 3 минг километрдан ортиқ қўлбола электр тармоқлари ҳам мавжуд. Айниқса, Иштихон, Ургут, Паст Дарғом, Нуробод ва Қўшработ туманларида аҳоли қўлбола электр узатиш тармоқларидан фойдаланиб келмоқда. Ушбу тармоқлар меъёрида электр етказиб бериш имконини чекламоқда.
Депутатлар мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича дастурлар, лойиҳалар ишлаб чиқишда маҳаллий кенгашлар депутатларининг фикрини, доимий комиссияларнинг таклифлари ва эътирозларини ҳам инобатга олиш, амалга оширилган ишлар юзасидан доимий равишда ҳисобот тақдим қилиб бориш зарурлигини таъкидлашди.

Шундан сўнг депутатлар ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди полигонларига қабул қилиш ва сақлаш хизматлари учун ягона тарифларни белгилаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Қаттиқ маиший чиқиндиларни чиқинди полигонларига қабул қилиш ёки сақлаш хизматларигина эмас, балки чиқиндини қайта ишлаш, аҳолидан йиғиладиган чиқиндиларни сотиб олиш, одамларнинг чиқиндини саралаш маданиятини юксалтириш борасида таклифлар билдирилди.

Сессияда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, тегишли комиссиянинг хулосасига асосланиб вилоятимизда истиқомат қилувчи 164 нафар фуқаронинг мулк ҳуқуқи қонуний тартибда эътироф этилди. Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш, маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.