Сўз эркинлиги мудом ҳимояга муҳтож

Журналистнинг асосий устуворлиги сўз эркинлиги, асосий қуроли ҳам сўз эркинлиги туфайли берилаётган имкониятдир. Журналист бугун бу имкониятдан фойдаланиб, жамият манфаати учун хизмат қиляптими ёки ўз манфаатигами?

Сўз эркинлиги тушунчаси барча қонунларимизда, ҳатто Бош Қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган. Бунга алоҳида урғу бериш, уни талаб қилишга ҳожат йўқдай. Лекин нега бот-бот шу масала асосий баҳс мавзуига, эътирозу қониқмасликка олиб келаверади? Масаланинг асосий моҳияти ушбу эркинликнинг кўпчиликка маъқул келмаслигида. Гарчи кейинги йилларда мамлакатимизда бу “неъмат”дан фойдаланиш анча эркинлиги ҳақида гапирсак-да, амалда бу жараён қандай кечмоқда?

Назира ТОШПЎЛАТОВА, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникатсиялар университети профессори, филология фанлари доктори:

- Кейинги йилларда бир нечта хориж давлатларида журналистлар фаолияти, уларнинг касбга ёндашуви каби жиҳатларни ўрганиб келдик. Уларда матбуот ушбу давлатларда ҳамон урфда, бу жуда қувонарли ҳолат. Одамлар ахборотни блогер ё ижтимоий тармоқлар орқали эмас, расмий манабалардан олишни афзал кўради. Мана шу жиҳатнинг ўзи журналистикага муносабатни яққол намоён этади. Мамлакатимиздаги асосий аудитория бугун ижтимоий тармоқлар, блогерлар фаолияти, улар бераётган узуқ-юлуқ, баъзида фейк хабарларга ишониб қолди ва ҳамон ундан воз кечолмаяпти. Яқин кунларда қонунбузилиши содир этган блогерлар ҳаракатига қонуний жазо тайинланганда аҳолининг уларга нисбатан фикри ўзгармагани, аксинча, уларни янада кўпроқ ҳимоя қилишга отлангани шундан далолат беради. Яъни, сўзи орқали омма орасида машҳурликка эришган шахсларнинг овозини бўғиш учун гўё атайин унга чора кўрилаётгани ҳақида айтилади. Ваҳоланки, у ўз қилмиши учун жазо оляпти. Шу нуқтаи назардан бугун сўз эркинлигини тўлиқ таъминлаш билан бир қаторда аҳоли орасида медиа саводхонлик масаласини кўтариш долзарб масалалардан бири саналади.

Сўз эркинлиги гарчи барча қонунларимизда белгилаб қўйилган бўлса-да, уни ҳимоя қилиш бугун ҳар доимгидан кўра долзарброқ. Биз ўрганиш учун борган Европа давлатларида ҳам журналистлар уни ҳимоя қилади, у учун курашади. Журналистларнинг бирдамлиги жуда муҳим масала.

Мукаррам ОТАМУРОДОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникатсиялар университети ўқитувчиси (PhD):

- Маълумотларга кўра, бутун дунёда сўз эркинлиги даражаси кейинги ўн йилликлардаги энг паст даражага етган. Ўзбекистон ушбу рўйхатда ўтган йилги ўрнини сақлаб қолган ҳолда 148-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, мамлакат индекси 37,27 дан 35,24 пунктга тушиб кетди, бу ОАВ учун шароит ёмонлашганидан далолат беради.

Рўйхатда Қозоғистон 141-ўрин, Қирғизистон 144, Тожикистон 153, Беларус 166, Россия 171, Туркманистон 174-ўринда. Журналистлар учун энг қулай шароитлар яратилган Норвегия, Эстония ва Нидерландия рейтингда етакчилик қилди.

Ҳисоботга кўра, 90 та давлатда оммавий ахборот воситалари ходимларининг аҳволи оғир ёки ўта оғир деб баҳоланмоқда. Журналистлар аҳволининг ёмонлашишига асосий сабаблар - иқтисодий босим, авторитар тенденсияларнинг кучайиши ва беқарор хавфсизлик вазиятидир. 180 та давлатдан 160 тасида ОАВ барқарор фаолиятини таъминлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Мамлакатларнинг учдан бирида нашрлар кўпинча ҳукумат аралашувидан кейин юзага келадиган молиявий муаммолар туфайли ёпилади. 46 мамлакатда оммавий ахборот воситалари чекланган миқдордаги эгалари томонидан назорат қилинади, бу эса қарашлар хилма-хиллигини камайтиради.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти матбуот эркинлигини чеклашда иқтисодий омиллар асосий рол ўйнашини таъкидлайди. Кўпгина мамлакатларда мустақил нашрлар маблағ йўқотмоқда, йирик оммавий ахборот воситалари давлат ёки унга яқин тузилмалар назоратига ўтмоқда. Бу эса ахборот сифатининг пасайишига, сўз эркинлигининг чекланишига олиб келади.

Рейтинг етакчиси бўлган Норвегияда журналистлар махсус тизим орқали давлат ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, бу мамлакатни ОАВ фаолияти учун дунёдаги энг шаффоф давлатлардан бирига айлантиради.

Оммавий ахборот воситалари вакилларига доим босимлар, таҳдидлар бўлади, унинг олдини олиш, замонавий технологиялар билан ишлашда эҳтиёткорлик муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникатсиялар университети профессор-ўқитувчилари иштирокида ушбу масалалар яқинда самарқандлик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўрганилди, таҳлил этилди. Ҳамкасбларимизга шунингдек, ёлғон хабарларга қарши курашишда медиасаводхонликнинг ўрни, ахборот манбалари билан ишлаш, журналистлар хавфсизлиги, таҳдид турлари ва хавф манбалари бўйича тушунча берилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.