Автомашинага ноқонуний равишда "мигалка" ўрнатиб олган ҳайдовчи ушланди
Ижтимоий тармоқларда қора рангли “Lacetti-2” русумли автомобиль (давлат рақами 01 A 337 AA) қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланганлиги акс этган иккита видео тарқалди. Ўтказиб юборишдан бош тортган ҳайдовчиларга жавобан, “Lacetti-2” ҳайдовчиси махсус ёритувчи ва товуш сигналларини ёққан.
Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, мазкур автомобиль Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан топилди. Уни 21 ёшли Муҳиддинжон С. бошқарганлиги маълум бўлди. Ҳайдовчида автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бор эди. Аммо махсус ёритувчи ва товуш чиқарувчи қурилмаларни ўрнатишга эса рухсати бўлмаган.
ИИББнинг эслатиб ўтишича, тегишли рухсат олмай туриб, транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш – ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Муҳиддинжон С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ (транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш), шунингдек, 128-5-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) бўйича баённома расмийлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, қоидабузарнинг транспорт воситаси жарима майдончасига жойланди.
Ҳайдовчига нисбатан чора кўриш бўйича қарор суд томонидан қабул қилинади.