Давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш қандай оқибатга сабаб бўлади?
Аксариятимизда бундай ҳолат учун жавобгарлик белгиланганини биламиз, аммо бундай нормалар амалда ишлаши тўғрисида тасаввуримиз йўқ.
Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ҳам шундай ўйлагани аниқ. Башарти шундай бўлмаганида жорий йилнинг октябрида у раислик қиладиган маҳалла биносида ўрнатилган байроқ ранги ўчиб, яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги, давлат рамзларига ҳурматсизлик қилганлиги аниқланмаган бўларди.
Суд уни МЖтКнинг 203-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 375 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Аслида қонунчиликда МЖтКнинг 203-1-моддасида давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 1 бараваригача, мансабдор шахсларга 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солиш мумкинлиги белгиланган.
Самарқанд вилояти судлари томонидан 10 га яқин ана шундай ишлар кўриб чиқилган.
Очиқ манбаларда суд қарорларига кўра, давлат байроғини ифлосланган ҳолатда, яроқсиз ва йиртилган кўринишда, ўз сифатини йўқотган тарзда сақлаб келганлиги, шунингдек белгиланмаган жойларга тўшаб қўйганлиги аниқланиб, жазо муқаррарлиги тамъминланган.
Мисол учун, Пайариқ туманидаги бир мактаб директорининг ўринбосарига давлатимиз рамзи ҳисобланган байроқ белгиланган тартибда ўрнатилмасдан хоналарнинг бирига ерга тўшалиб, тартибсиз хонада сақланиб келинаётганлиги учун 1 миллион сўмдан кўпроқ жарима тайинланган.
Тумандаги яна бир шундай ҳолат учун мактаб директорига жарима қўлланилган.