Икки денгиз ўртаси, сувсиз дара ва кечки шафақ
Туркиянинг туризм шаҳарларидан бири - Фетҳие нимаси билан ажаблантиради?


Қарағай ўрмонлари билан қопланган тоғлар этагида жойлашган, йилига тахминан 285 кун қуёш чарақлаб турадиган макон, денгиз саёҳатлари, пиёда сайр, бренд товарлар хариди, ўтмиш артефактлари ва қуёш ботишлар... Буларнинг барчаси Фетҳие ҳақида.
Бу шаҳар Эгей ва Ўрта ер денгизлари орасидаги географик жойлашуви туфайли кўпинча икки денгиз шаҳри деб аталади. Чегара шартли равишда ўрнатилган, бироқ у муҳим: тўқ фируза рангли ва яхтачиларга ёқадиган шамоли бор Эгей соҳили бироз салқин. Юмшоқ иқлимли ва деярли ноябргача илиқ сувлари бор Ўрта ер денгизи эса сокин...
Ликияликлар даҳмаси

Тўғридан-тўғри қояларга ўйилган, улар шаҳар устида юксалиб туради. Мақбаралар мистик аура ва тўлиқ мавжудлик таъсирини яратиб берадиган иммерсив театр эффектига эга. Айниқса, қуёш ботаётган пайтда милоддан аввалги IV асрга оид машҳур Аминтас қабри, яқин атрофдаги тўқ қизил плиткали томлар, портдаги кемалар ва даҳма рўпарасидаги ороллар тепаликлари қизғиш рангга бўялиб, кўзни қамаштиради.
Шаҳарни Анталия билан боғлайдиган 500 километрлик машҳур Ликия яёв йўлининг бир қисми Фетҳие орқали ўтади. Ушбу маршрут қирғоқ чизиғи, қадимий харобалар ва хилват кўрфазларнинг ажойиб манзарасини тақдим этади. Сайёҳлар кўпинча Капалаклар водийси ёки Мовий кўрфазгача бўлган қисм - нисбатан қисқа ва хушманзара йўлнинг алоҳида қисмларини танлашади.
 
  
 
Қадимий Телмессос меросхўри
Қадимда шаҳар ҳудудида Телмессос шаҳри мавжуд бўлган. Қадимги юнон худоси деб аталадиган Аполлонга бағишланган башоратлар маркази ўз номини ХХ асрда ўзгартирди. Ҳозирда тарихий марказда Усмонлилар услубидаги тош уйлар, тор кўчалар, тоғлар ва денгизнинг панорамик манзаралари каби минтақанинг ўзига хос тартиб ва услублари сақлаб қолинган.

Фетҳие меъморчилиги ёғоч дафна деразалари ва ўйилган балконлар билан ажралиб туради. Бу Усмонлилар даврига оид меъморий тафсилот. Эски шаҳарда қоронғу рамкалар билан қопланган кўплаб оқланган ёки енгил гипсли уйлар мавжуд. Бу ҳам эски Фетҳие услубининг ўзига хос белгисидир.
Порт

“12 та орол”, Мовий кўрфаз ва Муқаддас Николай ороллари каби машҳур кунлик саёҳатлар бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қиладиган портда давлат сув транспортларидан ташқари, хусусий яхталар, сайёҳлик кемалари ва балиқ овлаш қайиқлари боғлаб қўйилган. Уларни бир кун ёки бир неча соатга ижарага олиш, маршрутни танлаб, кемада саёҳат қилиш, мовий рангларда жилваланадиган сувларда сузиб, балиқ овлаш учун йўлга чиқишингиз мумкин.
Мовий лагуна ва параплан учувчилари жаннати


Олюдениз (Ўлик денгиз) минтақасидаги Мовий кўрфаз Туркиянинг энг кўп суратга олинадиган жойларидан биридир. Суви шиша каби мутлақо шаффоф бу табиий қўриқхона қумлоқ тил билан тўлқинлардан ҳимояланган.
Шунингдек, бу ерда парапланда учиш учун Европадаги энг қулай тоғ темир йўли (фуникулёр) ўрнатилган. География ва иқлимнинг мукаммал уйғунлиги бўлиб чиққан баланд (деярли 2000 метр) Бабадағ тоғидан қилинган парвоз барқарор ҳаво оқимлари ва гўзал қирғоқ панорамасини акс эттиради.
Сакликент - сувсиз дара
 
  
 
Шаҳардан бор-йўғи 50 километр узоқликда катталиги билан бутун дунёга машҳур Туркиядаги энг узун ва энг чуқур, Европада эса иккинчи энг катта дара сифатида тан олинган баландлиги қарийб 1000 метр Сакликент миллий боғи бор. Унинг узунлиги 18 километр, турли жойлардаги тоғлар баландлиги 1000 метргача етади.
Бутун йўналиш бўйлаб ажойиб, табиий гўзал қоялар, бир нечта шаршаралар ва ғорларга дуч келасиз. Даранинг кириш ва чиқиш ўртасидаги баландлик фарқи 720 метрни ташкил қилади!
Сакликент каньони минг йиллар аввал табиий оқим билан эмас, балки геологик ёриқ натижасида ҳосил бўлган. Аниқроғи, унинг Эшен дарёсига силлиқ оқиб тушадиган ер ости оқими бор.

Туркиянинг альпинизм, треккинг ва рафтинг ишқибозлари учун ноёб сайёҳлик маскани 12390 гектар майдонни эгаллайди ва “Сакликент” сўзининг ўзи турк тилидан “яширин шаҳар” деган маънони англатади.
Қуёш ботишини томоша қилиш завқи

Фетҳиедаги алоҳида диққатга сазовор қуёш ботиши, аниқ бир жой ёки йўналишни талаб қилмайди. Шунчаки сувга яқин жойга боришгина кифоя. Ёки тўғри келган кўприкка чиқинг. Осмон пушти, кейин қаҳрабо, кейин эса қизил рангга айланади, одамлар гапиришда тўхтаб қолади, улар фақат шафаққа тикилишади, унинг фонида суратга тушишади. Чунки, улар ўзини керакли пайтда керакли жойга келиб қолгандек ҳис қилади...
Баҳора Муҳаммадиева.
 
                 
                                     
                                     
                                     
                                     
                                    