Самарқандда ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишланган яшил боғлар яратилди

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирлари доирасида Самарқанд шаҳрида 5 гектардан ортиқ ҳудудда яшил боғлар ташкил этилмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги масъулларининг қайд этишича, ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги муносабати билан “Меросга таяниб, келажак сари” шиори остида амалга оширилаётган мазкур ташаббус ташкилотнинг асосий қадриятлари — тинчлик, маданиятлараро мулоқот, маданий меросни асраш ва экологик барқарорлик ғояларини ифодалайди.

Халқаро форум қатнашчилари, нуфузли меҳмонлар бугун ушбу лойиҳада қатнашиб, Самарқанд халқаро туризм маркази ҳудудида 1,2 гектар майдонда 564 туп дарахт ва бута кўчатлари ўтқаздилар.

Яшил боғ шунчаки кўкаламзор эмас, балки ҳақиқий экологик инновациялар марказига айланади. Бу ерда сув сарфини камайтирувчи томчилатиб суғориш, ёмғир сувини йиғиб, қайта фойдаланиш тизимлари яратилади, энергия тежовчи қуёш панеллари ва насослар ўрнатилади, чиқиндиларни компост қилиш ва тупроқни бойитиш жойлари, маҳаллий табиий материаллардан ясалган йўлаклар ташкил этилади.

Иккинчи яшил боғ Самарқанд шаҳар Қорасув массиви ҳудудида, Зарафшон дарёсига яқин жойда яратилмоқда.

Яшил боғлар концепцияси Aмир Темур боғлари фалсафасига асосланади ва Соҳибқироннинг 9 та боғи сингари 9 бўлимга ажратилади. Бу бўлимларда чинор, оқ қайин, тут, хурмо, павловния, атиргул буталари, лаванда, магнолия, лола, тол, акация, заранг, қайрағоч, сакура ва бошқа дарахт, бута кўчатлари ўтқазилади. Яшил боғлар ЮНЕСКОнинг 80 йиллигига бағишлангани учун рамзий маънода 80 мингта кўчат экилади.