Сайловчилар мурожаати: Даҳбет ва Бозоржойдаги канализация муаммосини ким ҳал қилади?

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси Илҳом Ботиров сайловчилар томонидан кўтарилган ушбу муаммони жойида ўрганди. 

Оқдарё туманининг  Даҳбет ва Бозоржой маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларнинг канализация тизимидаги носозликлар аҳолига нафақат ноқулайлик туғдирмоқда, балки ҳудуд санитария ҳолатининг ёмонлашишига ҳам сабаб бўлмоқда. Аммо масъуллар бунга эътибор қаратмаяпти. Оқаванинг маҳалла ичидаги ариққа оқизилиши аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф ҳисобланади. Аслида, бундай муаммолар тезкор ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тоифасига киради.

Шундай муаммо ҳудуддаги Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтини ҳам қийнаб келмоқда.

Албатта, муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама қилиш муҳим. Лекин бу фақат биринчи босқич, холос. Амалда эса кўп ҳолларда шундай ўрганишлардан кейин масала маълум муддатга “назоратга олинди” деган шаклда қолиб кетиши, аниқ натижалар эса кечикиши кузатилади, деб ёзмоқда ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ахборот хизмати.

Айни пайтда мазкур масала депутат томонидан қатъий назоратга олингани ва ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб борилаётгани қайд этилмоқда.