Инфекцияга текширув маҳалланинг ўзида бажарилади

Самарқанд вилояти ОИТСга қарши кураш маркази томонидан “Мобил лаборатория” фаолияти йўлга қўйилди.

Марказ таклифи асосида халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан зарур маблағ ажратилиб, керакли тиббий жиҳоз ва лаборатория усканалари билан таъминланган махсус автобус хариб қилиниб, олис ҳудудларда яшовчи аҳоли қатламлари ва хавф гуруҳига кирувчи шахсларни тезкор диагностика қилиш имконияти яратилди. 

– Мобил лаборатория орқали жойларга чиққан ҳолда хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва уюшмаган ёшлар ОИВ, B ва C гепатит ҳамда захм (сифилис) каби инфекцияларга текширилади, – дейди Самарқанд вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Улуғбек Назаров. – Бу олис ҳудудларида яшовчи аҳолининг шундай кўриклар учун анча вақт ва маблағ сарфлаб марказга келишига хожат қолдирмайди. Шунингдек, аҳоли ўртасида турли хил юқумли инфекциялардан ҳимояланиш усуллари, соғлом турмуш тарзи ва даволаниш имкониятлари ҳақида профилактика тадбирлари ўтказилади. Тестлар аноним, тезкор ва юқори даражада малакали мутахассислар томонидан олинади. Мобил лабораториядан ҳар қандай иқлим шароитида фойдаланиш мумкин ва текширувларнинг юқори аниқлиги таъминланади, санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилади. 

Мобил лаборатория марказий поликлиникалардан узоқда жойлашган маҳалла ва қишлоқларнинг рўйхати асосида навбати билан ҳудудларда бўлади.