Коррупцияга курашиш учун инсон омилини камайтириш чоралари кўрилмоқда
АТ Халқ банки Самарқанд вилояти минтақавий маркази ва унинг жойлардаги туман (шаҳар) банк хизматлари марказлари ходимлари учун вилоят прокуратураси ҳамда банкнинг ички назорат ва комплаенс хизмати ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят прокуратураси масъул ходими Ж.Шаропов Президентимизнинг 2024 йил 21 июндаги “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Банк ходимларига мижозларга кредит ажратилишида, пенсия ва нафақа тўловларини тўлашда ва бошқа банк хизматларини кўрсатишда ўзлаштириш, коррупция ҳолатларига аралашмаслик, банк ходимларига нисбатан очилган жиноят ишлари ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларига тўхталди. Банк кредит портфелида муаммога айланган кредитларни ундиришнинг аҳволи, кредитларнинг ундирилиши бўйича қилинадиган ишлар бўйича кўрсатмалар берди.
Тадбирда йиғилганлар Халқ банки тизимида коррупцияга қарши курашиш, инсон омилини камайтириш ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш мақсадида “Ҳазна” иловаси ишга туширилиб, фуқароларга ажратиладиган таълим кредити, микроқарз, автокредит, ипотека кредитлари электрон онлайн тарзда масофадан ажратилиши йўлга қўйилганини таъкидлашди.
Бундан ташқари, банкка қарашли тўртта ягона касса марказларида нақд пулда пенсия олувчи 70 494 нафар фуқароларнинг пенсия маблағлари фақат уларнинг шахсан ўзига берилишини назорат қилиш учун Face ID тизими жорий этилган. 20 та банк хизматлари марказларида “Электрон навбат” қурилмалари ўрнатилиб, навбатсиз хизматлар кўрсатилиши ва фуқароларнинг хуқуқлари бузилишининг олди олинмоқда.