Ўқувчининг вилоят ҳокимига мурожаати ижобий ҳал этилди
Вилоят ҳокими А.Бобоев ўтаётган ҳафтанинг пайшанба куни Иштихон туманидаги 96-умумтаълим мактабида ёшлар билан мулоқот қилганда, тумандаги 31-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жасмина Муртазаева кўпчилик ёшлар учун муҳим масалани кўтарганди. У вилоят раҳбарига ўқувчилар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун турли фанлардан миллий ва халқаро сертификатлар олишга интилаётгани, бироқ чекка ҳудудлардаги мактабларда бунинг учун қўшимча адабиётлар етарли эмаслигини айтиб, ёрдам сўраганди.
Мазкур мурожаат асосида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 31-умумтаълим мактабига ўқувчиларнинг она тили ва адабиёти фанидан миллий сертификатга тайёрланиши учун керак бўладиган қўшимча китоблар топширилди.
Бугунги кунда вилоятдаги 5000 нафарга яқин ўқувчилар тил билиш бўйича миллий ва халқаро сертификатга эга. Биргина Иштихон туманининг 1000 нафардан ортиқ ўқувчилари турли фанлардан миллий сертификатларни қўлга киритган.