Сифатли хизмат, тоза муҳит ва санитария: замонавий туризм талаблари

Самарқанд дунё нигоҳидаги шаҳар ва унга дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келишга ошиқади. Ўтган йилнинг ўзида бу шаҳри азимга 3 миллион нафар хорижий ва 5,3 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ келган.

Бугунги кунга келиб, сайёҳларнинг шаҳримизда қолиш кунлари 2 кундан 3,5 кунга узайгани ҳам маълум. 2026 йилга 10,0 миллион, шундан 5,0 млн. хорижий сайёҳларнинг тарифи прогноз қилинмоқда

Табиийки, зиёратчиларнинг Самарқанд шаҳрида кўпроқ қолиши ва мазмунли саёҳатлари учун уларга сифатли сервис хизмати кўрсатилиши, тарихий ҳудудлардаги ободончилик ва муносиб хизмат, жойлаштириш воситаларидаги шарт-шароит, ошхоналарда сифатли таомлар тортилиши муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳудудлар санитария ҳолатларининг юқори даражада бўлиши ҳам сайёҳларнинг саломатлиги ва Самарқанд ҳақидаги хулосаларида катта аҳамият касб этади.

Вилоятга келаётган меҳмонлар учун тегишли ташкилотларнинг тоза-озода ва зарур қоидаларга амал қилинган ҳолда хизмат кўрсатишини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири. Бу борада санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси  вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда меҳмонларнинг яшаш, дам олиш, овқатланиш жойларига, зиёратгоҳларга ва тарихий обидаларга малакали мутахассисларимиз бириктирилиб, туристик муассасаларда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши, ҳорижлик меҳмонларнинг эпидемиологик осойишталиги ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш доимий назоратга олинган.

Туристик масканлар ва уларга чегарадош ҳудудларнинг санитария ҳолати ўрганилиб, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Барча туристик объектларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирларини амалга ошириш учун дезинфекцион бригадалар ташкил этилган. Хусусан, вилоятдаги 50 дан зиёд ресторан, 165 та меҳмонхона, шунингдек, 600 дан зиёд уй-меҳмонхоналар, ҳостелларда шу каби профилактик амаллар бажарилди.

Имом Бухорий мажмуасининг Муқаддас Рамазон ҳайити арафасида тантанали равишда қайта очилиши юртимиз аҳли ва хорижлик зиёратчилар учун муҳим воқеа бўлди. Янги қиёфада барпо этилган мажмуа нафақат меъморий жиҳатдан, балки зиёратчилар учун яратилган қулайликлар билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Қайта қурилиш ишларидан сўнг мажмуа имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Илгари бир кунда 12 минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатган маскан эндиликда кунига 65 минг нафаргача зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга. 45 гектар майдонни эгаллаган мажмуада 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид барпо этилгани эса унинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Зиёратчилар сонининг ортиши эса санитария ва гигиена талабларига янада катта эътибор қаратишни талаб этади. Шу мақсадда “Санэпидқўмита”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан мажмуа ҳудудида мунтазам назорат ишлари йўлга қўйилган.

Хусусан, масжид ичи ва унинг ҳудудлари, таҳоратхоналар ҳамда умумий фойдаланиш жойларининг санитар ҳолати доимий равишда текшириб борилмоқда. Мутахассислар томонидан дезинфекция ишлари амалга оширилиб, тозалик ва гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, зиёратчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш мақсадида чиқиндиларни ўз вақтида тозалаш, ичимлик суви ва санитария иншоотларини талаб даражасида сақлаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.

Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган санитария назорати ва ободонлаштириш ишлари зиёратчиларга юқори даражада хизмат кўрсатиш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда муқаддас маскан нуфузини янада оширишга қаратилган муҳим юмушдир.

Бундан ташқари, Самарқанд халқаро аэропортидаги ва темир йўл вокзалидаги санитария назорат пункти томонидан ҳорижий меҳмонларни тиббий назоратдан ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилди, қўшимча тепловизорлар ўрнатилди.

Барча туристик муассасаларда ўтказилган лаборатория ўлчов натижалари бўйича ташқи муҳитнинг радиация фони, электромагнит майдон нурланиш даражаси, хоналар ҳавосининг чангланиш, газланиш даражаси, шовқин миқдори, ёритилганлиги, микроиқлим ва ёпиқ хоналар ҳавосининг бактериологик ифлосланиши, шунингдек, ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати санитария қоида ва меъёр талабларига жавоб бериши аниқланди.

Айтиш керакки, ташқи муҳит физик омилларининг лаборатория ўлчовларини ўтказиш, ичимлик суви ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлигини текшириш учун вилоят бошқармасида санитария-гигиена, бактериология, вирусология, радиология, паразитология лабораториялари фаолият юритаётган бўлиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Хорижий меҳмонларга тиббий хизмат кўрсатиш учун вилоят шифохоналарида, шунингдек, хусусий клиникаларда захира ўринлар ташкил этилган. Тасдиқланган рўйхат асосида дори-дармонлар ва зарурий зарарсизлантирувчи воситалар билан таъминланган.

Ҳар бир туристик муассасага бириктирилган мутахассислар меҳмонларга умумий овқатланиш хизмати кўрсатишга жалб этилган ошпаз ва официантлар томонидан таом тайёрлашда технологик режим ва санитария талабларига ҳамда шахсий гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда юқори савияда малакали хизмат кўрсатиш устидан кунлик назоратни ўрнатган.

Латиф Рустамов,

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси бошлиғи.