Петер Пеллегрини: Қоидалар одамларни ҳимоя қилади, тараққиётни тўхтатмайди

Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси тадбирлари давом этмоқда. Бугун ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисда юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини сўзга чиқди.

– Бугун биз маданиятлар чорраҳасида жойлашган тарихий Самарқанд шаҳрида дунё ўзгариб бораётган бир пайтда учрашиб турибмиз. Тарихий анъана ва қадриятлар йўқолиб бормоқда, глобал тартибнинг асоси бўлган халқаро ҳуқуқ тазйиқ остида. Бундай вазиятда ЮНЕСКО қадриятларни асраб-авайлаб, бугунги ҳаёт ва амалиёт билан боғлайдиган ноёб платформа бўлиб қолмоқда. Айни пайтда давлатлар учун кўп томонлама ҳамкорлик ҳашамат  ёки қудрат эмас, балки зарурат эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

Собиқ таълим вазири сифатида таълим дунёдаги барча халқлар учун тинчликка элтувчи йўл эканлигини таъкидламоқчиман. У нафақат билим, балки ҳурмат, бағрикенглик, хайрихоҳликни ўргатади. Таълимсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт йўқ. Шунинг учун ҳам Словакия ЮНЕСКОнинг янги –“Тинчлик учун таълим” дастурини қўллаб-қувватлайди. Бу асл ғояни қайта тиклайди. Таълим ҳаёт ва жамиятни ўзгартира олади, у шунчаки сиёсат эмас, балки тинчлик ва инсон руҳиятига қўйилган сармоядир.

Биз тизимни янада инклюзив, ижодий ва келажакка йўналтирилган тарзда ислоҳ қилмоқчимиз. Биз ўқитувчиларни тайёрлаймиз ва ёшлар келажакка ишонч билан қарашлари учун рақамли кўникмаларни ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Шу мақсадда ноябрь ойи охирида пойтахтимиз Братиславада иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан ҳамкорликда таълим ва сунъий интеллекат бўйича глобал форум ўтказмоқчимиз. Унда сунъий интеллект бўйича фикр алмашамиз. Назаримизда бугун сунъий интеллектга имконият, шу билан бирга муаммо сифатида баҳо бериш лозим. Бу борада ЮНЕСКОнинг сунъий интеллектни мактаб ва жамиятда қўллаш ҳамда ушбу йўналишда аниқ ахлоқий қадриятларни ишлаб чиқиш бўйича ташаббусларини маъқуллаймиз. Бинобарин, қоидалар одамларни ҳимоя қилади, тараққиётни тўхтатмайди. Словакия сунъий интеллектга ана шундай мувозанатни эътиборга олган ҳолда, мактабларимиз инсоний, технологияларимиз эса масъулияти бўлиши учун асосида сармоя киритади, - деди Словакия Президенти ва ЮНЕСКО доим инсоннинг қалби ва маданиятини ҳимоя қилгани, моддий ва номоддий меросни асраш орқали ўзлигимиз ва хилма-хиллигимизни сақлаб қолишимизни алоҳида таъкидлади.