Давлат рамзларига нега ҳурматсизлик қиляпмиз?
Давлатимиз рамзларида халқимизнинг шаъни, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидлари акс этган. Бироқ кейинги пайтда давлатимиз рамзларига ҳурматсизлик қилинаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз.
Мадҳияни тинглашнинг ҳам қоидаси бор
Америкада яшайдиган танишимнинг айтишича, АҚШ оилаларида эрталабки нонушта ёки кечки овқат пайтида телевизорда гимн ижро этилса, ҳамма ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, биргаликда куйлар экан. Чунки бу юртга, миллатга ҳурмат белгиси ҳисобланаркан. Биз эса мадҳия тинглашни оддий ҳолдек қабул қиламиз. Ҳатто мадҳия янграса ҳам унга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатамиз.
Яқинда олийгоҳ битирувчиларига диплом топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирларнинг бирини ёритдик. Унда битирувчиларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳам иштирок этди. Тадбир бошланишидан олдин бошловчи ҳамма жойини эгаллашини ва бироздан кейин давлат мадҳияси янграшини эълон қилди. Мадҳия бошлангандан сўнг тадбир иштирокчиларини суратга олар эканман, кимдир телефонда ёки ўзаро гаплашаётгани, биров кўксига қўлини қўймагани ва яна кимдир орқада ўтириб олганига гувоҳ бўлдим.
Айтиш жоизки, бу ерда фақат одамларнинг эмас, балки тадбир ташкилотчиларининг ҳам айби бор. Тадбирларни ташкил этишдан олдин миллий менталитетимизга путур етказиладиган жиҳатлар эътиборга олиниши ва олдиндан бу ҳақда ўйланиши керак. Зотан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди», деб белгилаб қўйилган. Афсуски, кейинги пайтда бу қоидаларга амал қилинмаяпти ва нафақат давлатимиз мадҳияси, балки давлатимиз герби ҳамда байроғига ҳам ҳурматсизлик ортиб бормоқда.
Давлатимиз рамзлари миллий валютага оёқости қилиш учун туширилмаган
Герб — бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат. Мамлакатимиз гербидаги ҳар бир ранг, чизиқ, белги чуқур рамзий маънога эга. Жумладан, гербнинг пастки қисмида, давлат байроғини эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган «Ўзбекистон» сўзи битилган. Давлат байроғи эса бир парча мато эмас. У жасорат, ор-номус, шон-шараф белгиси, мустақиллигимиз тимсоли, унда ўзлигимиз мужассам. Ана шуларнинг барчаси миллий валютамизда ҳам акс этган, яъни пулда давлатимиз рамзларининг тасвири туширилган.
Ачинарлиси, сўнгги вақтларда тўй-ҳашам ва шунга ўхшаган тадбирларда урфга айланган иллат - пул сочиш давлатимиз рамзлари оёқ ости қилинаётгани, обрўси тўкилаётганини кўрсатмоқда. Умуман, тўйлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, пул сочиш ҳолатлари ҳақида кўп гапирилади ва масала долзарб муҳокамаларга ҳам сабаб бўладию, ўт олмаган чўғдай тутаб-тутаб яна ўчиб қолади. Пулларга ёзиш ҳам рамзларимизга бўлган ҳурматсизликдир.
Хўш, давлат рамзларига ҳурматсизлик учун қонунчилигимизда қандай жавобгарлик бор?
Жиноят кодексининг 215-моддаси «Давлат рамзларига ҳурматсизлик қилиш» деб номланади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш - энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»нинг 2031-моддаси «Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланади. Унга кўра: Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилади.
Қонунчиликда жавобгарликлар белгиланган, аммо тўйда пул сочиб, давлатимиз рамзларини оёқ ости қилган, тадбирларда давлат мадҳиясига менсимай ҳурматсиз муносабатда бўлаётган шахсларга нега жазо қўлланилмаяпти? Аслида юртини, халқини севган, унинг келажаги учун қайғурган одам давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмайди. Бефарқ инсонлар эса ҳар бир жамиятда учрайди, лекин жамоатчилик назорати ўрнатилса, қонунлар ишласа, уларни ҳам тўғри йўлга бошласа бўлади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.