Байрам арафасида 7 нафар маҳкума қамоқдан озод этилди

Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман судида туманда жойлашган 37-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган 7 нафар маҳкум аёлларнинг илтимосномаси кўриб чиқилди.

Содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бу аёллар қилмишидан пушаймонлиги ва тузалиш йўлига ўтгани, бундан буён тўғри ҳаёт кечиришини билдириб, ўталмай қолган жазо муддатини енгилроғига ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилган.

– Айни пайтда муассасамизда 190 нафарга яқин хотин-қиз жиноий қилмишлари учун жазо муддатини ўтамоқда, – дейди Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаменти 37-сон манзил колонияси инспектори Жаҳонгир Шодиев. – Бу ерда улар фойдали иш-машғулот билан шуғулланиши, касб-ҳунар ўрганиши учун шароит яратилган. Маҳкумаларнинг 7 нафари жазони ўташ жараёнида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтганини билдириб, жазонинг қолган қисмини енгиллаштиришни сўраб муассаса раҳбариятига илтимоснома киритган эди. Раҳбарият бу хотин-қизларнинг жазони ўташ жараёнида муносиб хулқ-атворда бўлгани ва берилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажарганини инобатга олиб, уларнинг илтимосномаларини тегишли ҳужжатлар билан судга тақдим этди.

Суд ҳар бир маҳкумнинг илтимосномасини ўрганиб ва фикрларини тинглаб, жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти томонидан бу шахсларга берилган ижобий тавсифномаларни инобатга олиб, уларнинг ўталмай қолган жазосини енгилроқ жазо билан алмаштириш бўйича ажрим чиқарди. 7 нафар маҳкум суд залидан озодликка чиқарилди ва улар Халқаро хотин-қизлар байрамини ўз уйида, оиласи бағрида нишонлайдиган бўлди.