Самарқандлик 67 нафар шахс афв этилди

Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон ҳайити арафасида қабул қилинган фармонига кўра, жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 541 нафар шахс афв этилди.

Бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш халқимизга хос ноёб фазилат. Бу давлатимиз сиёсатида ҳам акс этиб, жиноий қилмиши учун жазо ўтаётган шахслар турли байрам ва муҳим саналар олдидан Президентимиз томонидан афв этилмоқда. 

Бу галги фармон ҳам Рамазон ҳайити кунларида 540 дан ортиқ хонадонга қувонч, шодлик олиб келди. Ножўя хатти-ҳаракати учун жазоланган ва бу қилмишидан хулоса чиқариб, пушаймон бўлган шахслар давлат раҳбарининг бағрикенглигидан баҳраманд бўлиб, байрамни оиласи бағрида нишонлади. 

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги жазони ижро этиш муассасалари ва ички ишлар идоралари пробация органларида жазо муддатини ўтаётган 67 нафар шахс фармон асосида авф этилди.

Вилоят ИИБ пробация бўлимидан олинган маълумотларга кўра, афв этилганларнинг 52 нафари ички ишлар органлари пробация ҳисобидан тўлиқ, 15 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Уларнинг 51 нафарини эркаклар, 16 нафарини аёллар ташкил этади. Олтмиш ёшдан ошганлар – 15 нафар.

Нарпайлик М.Йўлдошев давлатимизнинг бағрикенглик сиёсатидан баҳраманд бўлган шахслардан бири. У Жиноят кодексининг 270 ва 273-моддалари билан айбланиб, озодликдан маҳрум этилган эди.

– Қилаётган ишимнинг оқибатини ўйламай бу ножўя ишга қўл урганим оқибати нима бўлишини кўрдим, – дейди М.Йўлдошев. – Бу билан оила аъзоларимни қийин аҳволга солиб қўйдим. Пушаймонлигим инобатга олиниб, афв этилганим учун Президентимиздан миннатдорман. Энди фақат тўғри ҳаёт кечириб, ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратаман.

Эндиликда маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралардан афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.