Булунғурлик 14 нафар маҳкум шартли равишда жазодан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг 1-ўринбосари Б.Исломов раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқандда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди.

Хусусан, Тойлоқ туманида ўтказилган оммавий қабулда Булунғур, Жомбой, Тойлоқ ҳамда Ургут туманлари фуқароларининг мурожаатлари тингланди.

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрасияси, Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар Олий Кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирликлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган оммавий сайёр қабулда Булунғур тумани ИИБ пробация гуруҳи ҳисобида турувчи, назорат остидаги шахсларнинг 14 нафарининг ҳам мурожаати тингланди.

Мазкур мурожаат жиноят ишлар бўйича Булунғур тумани суди томонидан ўрганилиб, улар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда озод этилди.