Йил якунига қадар Булунғурда шамол электр станцияси ишга тушади
Булунғур туманида Хитойнинг “Universal Energy” компанияси томонидан қуввати 500 МВТ бўлган шамол электр станцияси қурилмоқда.
Энергетика вазири Шерзод Ходжаев туманда бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни, қурилиш-монтаж ишлари ва белгиланган вазифалар ижроси билан танишди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 500 млн АҚШ долларини ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Станция тўлиқ қувватда ишга туширилгач, йилига қарийб 1 млрд 752 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу ўртача 730 мингта хонадоннинг бир йиллик электр энергияси истеъмолига тенг.
Шунингдек, йилига қарийб 467 млн куб метр табиий газ тежалиши ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдори 1 млн тоннадан ортиққа камайиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг биринчи босқичини жорий йил якунига қадар, 2027 йилда эса тўлиқ қувватда ишга тушириш режалаштирилган.
Ушбу йирик энергетика объектининг фойдаланишга топширилиши юртимиз энергетика тизимида “яшил” энергия улушини ошириш, табиий газ сарфини камайтириш ва электр таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.